ДСҚнинг 2009 йил 4 мартдаги
46-сонли буйруғи билан
тасдиқланган
Телекоомуникация тармоқлари орқали солиқ тўловчиларнинг сўровларига асосан
тегишли давр учун назорат органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар
фаолиятини текширишлар режа-жадвалидан кўчирма бериш
РЕГЛАМЕНТИ
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 23 августдаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 181-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Адлия вазирлигида 2006 йил 6 майда 1573-сон билан рўйхатга олинган «Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчиларнинг сўровларига асосан тегишли давр учун назорат органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишлар режа-жадвалидан кўчирма бериш бўйича интерфаол давлат хизмати кўрсатиш тартибини белгилайди.
ХИЗМАТНИНГ ТАРКИБИ ВА МАЗМУНИ
Солиқ тўловчиларнинг сўровларига асосан тегишли давр учун назорат органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишлар режа-жадвалидан кўчирма бериш бўйича интерфаол давлат хизматлари таркибига текширишларнинг тасдиқланган мувофиқлаштириш режа-жадвалидан маълумот тақдим этиш киради. Маълумот солиқ тўловчи юридик шахсларга Давлат солиқ қўмитасининг http://www.soliq.uz/. расмий сайти воситасида тақдим этилади.
Маълумотларни олиш ҳуқуқи учун идентификация маълумотларини, яъни СТИР ва паролни киритиш зарур. Парол юридик шахснинг рўйхатдан ўтиш жойи бўйича Давлат солиқ инспекцияси томонидан тақдим этилади. Идентификация маълумотлари тўғри киритилган ҳолда фойдаланувчига қуйидаги маълумотлар тақдим этилади: юридик шахснинг тўлиқ номи, СТИР, жорий йил учун текширишларнинг тасдиқланган мувофиқлаштириш режа-жадвалига асосан текширишда иштирок этадиган назорат органлари рўйхати, текшириш ўтказиш муддатлари тўғрисида маълумот. Агарда юридик шахсда текшириш жорий йил учун режа-жадвалга киритилмаган бўлса, бу ҳақда маълумот берилади.
ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МУДДАТИ
Текширишлар режа-жадвалидан маълумот тақдим этиш бўйича хизмат аниқ вақт режимида, мурожаат қилингандан кейин кўрсатилади. Маълумотни кутиш вақти солиқ тўловчи фойдаланаётган компьютер техникаси ва Интернет тармоғининг техник параметрларига боғлиқ.
ҲАРАКАТДАН (ҲАРАКАТСИЗЛИКДАН) ШИКОЯТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ
Хизматнинг талаб даражасида эмаслиги ёки умуман тақдим этилмаслиги юзасидан шикоятларни фойдаланувчилар email@soliq.uz электрон манзил бўйича Давлат солиқ қўмитасига юборишлари мумкин.
ХИЗМАТ КЎРСАТИШ НАРХИ
Назорат органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларни текширишларнинг мувофиқлаштирилган режа-жадвалларидан кўчирма бепул тақдим этилади.