Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суд, Олий хўжалик суди, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат мулки қўмитаси, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг
Қ Ў Ш М А К Ў Р С А Т М А С И
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини
янада кучайтириш ҳақида
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг тез ўзгариб турадиган бозор талабларига жавоб беришини таъминлайдиган замонавий тузилмаларни шакллантиришда, янги иш ўринларини ташкил қилишда ва аҳоли даромадларини оширишда муҳим роль ўйнайди. Шуни инобатга олган ҳолда, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини очиқдан-очиқ бузиш, уларнинг эркин ва ноқонуний аралашувларсиз фаолият кўрсатишларидаги бюрократик ва маъмурий тўсиқларга қарши кураш етарли олиб борилмаяпти.
Жойларда тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйилиб, кўп ҳолатларда асоссиз рад этилмоқда, уларга берилган имтиёз ва преференциялар тўлиқ таъминланмаяпти. Бундай ҳолатлар эса тадбиркорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Айни пайтда, назорат-текширув ва бошқарув идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорларга қаршилик кўрсатиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, тамагирлик ва тизимли равишда белгиланган ставкаларда йиғимлар олиш каби ҳолатларни фош этиш борасида имкониятлар тўлиқ ишга солинмаяпти.
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланди.
Шу боис ҳамда 2011 йил – «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида қуйидагилар белгилансин:
1. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалда самарали ҳимоя қилиш, уларнинг эркинликларини чекловчи ҳар қандай бюрократик тўсиқлар ва фаолиятига ноқонуний аралашишларга йўл қўймаслик Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат мулки қўмитаси, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Марказий банки ва Савдо-саноат палатасининг (кейинчалик – мутасадди органлар) асосий вазифаларидан бири этиб белгилансин.
2. Тегишли мутасадди органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти юзасидан текширишлар (режали, режадан ташқари, муқобил) ўтказишда Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига оғишмай риоя этилсин.
Ноқонуний текширишлар ўтказиш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига бирон-бир асоссиз аралашиш, текширишларни рўйхатга олиш Китобида қайд этмаслик ёки қайд этишдан бош тортиш ҳолатларига қатъиян чек қўйилсин.
Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда, улар давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат сифатида баҳолансин ва айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар кўрилсин.
3. Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларни қабул қилиш ишларига эътибор кучайтирилиб, тубдан яхшилансин, уларнинг ариза ва шикоятларини қонунда белгиланган муддатда, тўлақонли ва холисона кўрилиши, кўтарилган муаммоларни амалда ҳал этилишига эришилсин.
Бунда мутасадди органларнинг “ишонч телефонлари” узлуксиз ишлаши, келиб тушган мурожаатларнинг тезкорлик билан ва қонуний ҳал этилиши таъминлансин ҳамда бу воситага фуқароларнинг ишончини ошириш чоралари кўрилсин.
Прокуратура ҳамда Адлия органлари томонидан маҳаллий ҳокимиятлар ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари, лицензия берувчи, фаолиятнинг муайян тури билан шуғулланишга, муайян маҳсулотни ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишга, муҳандислик коммуникацияси тармоғига уланишга рухсат берувчи ва бошқа идораларда тадбиркорлик субъектини ташкил этиш, фаолиятни бошлаш, амалга ошириш ёки кенгайтириш билан боғлиқ фуқаролар мурожаатларининг кўриб чиқилиши, уларда кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиши ва қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги устидан назорат тубдан кучайтирилсин.
4. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноятлар тўғрисидаги ариза ва хабарларни қабул қилиш, қайд этиш ва кўриб чиқилиши устидан назорат олиб боришда тадбиркорларга нисбатан тамагирлик, хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашиш, тазйиқ ўтказиш ва бошқа жиноятлар тўғрисидаги хабарларга алоҳида эътибор қаратилсин.
Тадбиркорлик субъектларига нисбатан содир этилган жиноят ҳақидаги ариза ва хабарлар юзасидан тўлақонли терговолди текширув ҳаракатлари ўтказилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминлансин ҳамда жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов устидан алоҳида назорат ўрнатилсин.
5. Судлар томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар бўйича ишлар кўрилишида жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилсин.
Тадбиркорлик соҳасидаги фуқаролик ва жиноят ишларини кўришда судлар қонунбузарликлар ва жиноятларнинг содир этилишига имкон берган барча сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаши ва уларга лозим даражада муносабат билдириши зарур.
6. Хўжалик судлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат-текширув органларининг тадбиркорларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги аризаларини синчковлик билан ва ҳар томонлама кўрилиши таъминлансин, бунда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари камситилишига йўл қўйилмасин.
7. Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмиталари ҳамда уларнинг қуйи органлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун белгиланган тартибда ер танлаш ва ажратиш, қурилиш объектлари учун шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, лойиҳалаштириш, қурилишга рухсат бериш ва қурилиши битказилган объектларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда сансалорлик ҳолатларига, бюрократик ва маъмурий тўсиқларга қатъиян барҳам берилсин.
Тадбиркорларнинг бу борадаги мурожаатларини тегишли қонунчиликда белгиланган муддат ва талабларга оғишмай риоя этиб, имкон даражасида қулайликлар яратган ҳолда ҳал этилиши таъминлансин.
8. Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилиши, текшириш давомида солиқ ва валютага оид жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти органлари текширишга жалб қилиниши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида» 1998 йил 19 ноябрдаги ПФ-2114-сон Фармонига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги 20.05.2010 йилдаги ПФ-4219-сонли Фармонига асосан бозорлар, савдо комплексларини, уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларини, шунингдек уларнинг ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларини текшириш фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилиши ҳақидаги талабиларга қатъий риоя қилинсин.
Тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятлари юзасидан текширишлар фақатгина ваколатли мутахассислар (аттестациядан ўтган ва махсус рухсатномага эга бўлган) жалб этилган ҳолда ўтказилиши таъминлансин ҳамда текширишларда тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашиш ва фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмасин.
9. Солиқ ва божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ, бож ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёз ва преференцияларнинг амалда қонуний қўлланилиши таъминлансин.
Тадбиркорлик субъектлари қонунда белгиланган тартибда савдо, хизмат кўрсатиш ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширганларида турли бюрократик чекловлар ва тўсиқлар, ноқонуний талабларга дуч келмасликларининг чоралари кўрилсин.
10. Давлат солиқ ва статистика қўмиталари органларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этиладиган ҳисобот тизимини такомиллаштириш ва уни ноқонуний талаб этганлик учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида»ги
15.06.2005 йилдаги ПҚ-100-сонли қарори ижроси сўзсиз таъминлансин ҳамда тадбиркорлардан қонунчиликда назарда тутилмаган ҳар қандай ахборот, ҳисобот, маълумот ва бошқа ҳужжатларни асоссиз талаб қилиш ҳолатларига чек қўйилсин.
11. Тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектларининг танлов (тендер) савдоларида ва хом-ашё товар биржаларида иштирок этишларига тенг рақобат муҳити яратилсин. Танлов савдолари ва хом-ашё товар биржаларида монополияга қарши қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан доимий назорат ўрнатилсин.
Тадбиркорлик субъектлари давлат мулки объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага олишларида ҳар қандай ноқонуний чеклов ва тўсиқларга барҳам берилсин.
Давлат мулки, Солиқ ҳамда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмиталари томонидан бу борадаги қонунчилик ижроси устидан идоравий назорат кучайтирилсин.
12. Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддат ичида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан қабул қилинган қарорлар, фармойишлар ҳамда ёзишмаларнинг монополияга қарши қонунчилик талабларига мос келиши юзасидан жойларда таҳлил ўтказиш жадвалини тасдиқласин ва таҳлил натижасида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш юзасидан белгиланган тартибда зарур чоралар кўрилсин.
13. Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ва уни кенгайтириш учун қонунда белгиланган тартибда ҳисоб рақамлар очилиши ва улардаги маблағларнинг қонуний сарфланиши, сансалорликсиз кредитлар ажратилиши сўзсиз таъминлансин, тадбиркорларни нақд пул ва савдо терминаллари билан таъминлаш тўғрисидаги талабларини қондириш борасида қўшимча чоралар кўрилсин.
14. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектларига фаолиятларини ривожлантириш, маҳсулот ва хизматларини ташқи бозорларга олиб чиқиш, мавжуд технологияларни модернизация қилиш учун тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этишда кўмаклашиш, уларга ахборот таъминоти ва маслаҳат ёрдами бериш ҳамда палата аъзоси бўлган тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга даъво қўзғатиш ишлари кучайтирилсин ва бунда барча имкониятлардан кенг фойдаланилсин.
Савдо-саноат палатаси, прокуратура ва адлия органлари ҳамкорликда тизимли равишда тадбиркорлар билан семинар ва бошқа турдаги ўқув тадбирлари ташкиллаштириб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик талаблари, текширишлар ўтказиш ва бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари олиб борсин.
15. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан бошқа тегишли органлар билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг эркинликларини чекловчи ҳар қандай бюрократик тўсиқлар ва фаолиятига ноқонуний аралашишларга қарши муросасиз курашиш жараёнларини кенг жамоатчилик эътиборига етказиш чоралари кўриб борилсин.
16. Мазкур қўшма кўрсатма мутасадди органларга ижросини таъминлаш учун юборилсин.
|
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокурори
№3 15.02.2011 йил
|
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раиси
№51-11 21.02.2011 йил
|
| |
|
Ўзбекистон Республикаси
Миллий хавфсизлик хизмати
раиси
№2 23.02.2011 йил
|
Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди раиси
№776 16.02.2011 йил
|
| |
|
Ўзбекистон Республикаси
Ички ишлар вазири
№1 16.02.2011 йил
|
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазири
№130/8 18.02.2011 йил
|
| |
|
Ўзбекистон Республикаси
Давлат божхона қўмитаси раиси
№01/20-1 16.02.2011 йил
|
Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки бошқаруви
раиси
№32-23/126 16.02.2011 йил
|
| |
|
Ўзбекистон Республикаси
Давлат солиқ қўмитаси раиси
№30к 16.02.2011 йил
|
Давлат статистика қўмитаси
раиси
№1 16.02.2011 йил
|
| |
|
Ўзбекистон Республикаси
Монополиядан чиқариш ва
рақобатни ривожлантириш
давлат қўмитаси раиси
№10/43 16.02.2011 йил
|
Ўзбекистон Республикаси
Давлат мулки қўмитаси раиси
вазифасини бажарувчи
№66 17.02.2011 йил
|
| |
|
Ўзбекистон Республикаси
Давлат архитектура ва қурилиш
қўмитаси раиси
№567/09 16.02.2011 йил
|
Ўзбекистон Республикаси
Ер ресурслари, геодезия,
картография ва давлат кадастри
давлат қўмитаси раиси
№01-301 18.02.2011 йил
|
| |
|
Ўзбекистон Республикаси
Савдо-саноат палатаси раиси
№07-444 18.02.2011 йил
|
Ўзбекистон миллий
телерадиокомпанияси раиси
№кк1 16.02.2011 йил
|