Бош саҳифа Солиқлар тарихи музейи Саволлар ва жавоблар Мультимедия Эълонлар Солиқ саводхонлиги

  • Пресс-служба Президента Республики Узбекистан

    Портал Государственной Власти Республики Узбекистан

    Законодательная палата Олий Мажлиса

    БЭМ новая бухгалтерская программа

    UZINFOCOM

    Интернет-интервью


    АЛКОГОЛЛИ ИЧИМЛИКЛАРГА ЭНГ КАМ НАРХ БЕЛГИЛАНДИ
    Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқармасининг бошлиғи Жорилла АБДУЛЛАЕВ

    Вино-ароқ ичимликларини кўп миқдорда ичиш зарарли эканлиги сир эмас, уларнинг қалбакисини ичиш эса бундан ҳам кўп зарар келтиради. Шишадаги ичимлик қалбаки ёки ҳақиқий эканлигини қандай қилиб билиш мумкин? Уни белгилайдиган аломатлардан бири унинг нархи деб ҳисоблайдилар. Ана шу исбот талаб қилмайдиган машҳур қоидага амал қилиб, аниқроғи, алкоголли контрафакт ва қўлбола ароқ йўлига ғов қўйиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 23 декабрдаги 327-сон қарори билан 2010 йил 1 январидан бошлаб алкоголли маҳсулотларга (пиводан ташқари) энг кам улгуржи сотиш ва чакана нархлар жорий этилди, бундай маҳсулотлар энди улардан паст нархларда реализация қилиниши мумкин эмас.
    Алкоголли маҳсулотларга энг кам нархларни жорий этиш амалиёти мамлакатимиздагина эмас, турли мамлакатларда ҳам кенг қўлланилади.
    Янгиликларнинг мақсадли вазифаси, уларнинг хусусиятлари ва Қарор қоидаларини қўллаш ҳуқуқи тўғрисида Молия вазирлиги бошқармасининг бошлиғи Жорилла АБДУЛЛАЕВ ҳикоя қилади.

    – Жорилла Хайруллаевич, мамлакатимизда алкоголли маҳсулотларга энг кам улгуржи сотиш ва чакана нархларни жорий этишдан мақсад нима?
    – Алкоголли ичимликларга (пиводан ташқари) энг кам улгуржи сотиш ва чакана нархлар айрим ишлаб чиқариш ва савдо корхоналари, шунингдек ноқонуний алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларига бозордаги нархлардан паст нарх қўйишларига йўл қўймаслик мақсадида белгиланди. Шубҳасиз, бу нархларни жорий этиш алкоголли маҳсулотларнинг легал бозоридан яширин цехларда ишлаб чиқарилган спиртли ичимликларни сиқиб чиқаришнинг таъсирчан дастагига айланиши керак.
    Бундан ташқари, энг кам нархни жорий этиш, биринчидан, бозорни легаллаштириш ҳисобига давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш имконини беради. Зеро ғайриқонуний алкоголь ишлаб чиқарувчилар солиқ тўланган алкоголь билан хуфия ишлаб чиқарилган алкоголь ўртасида нархлардаги тафовут боис мўмай даромад орттирадилар. Бинобарин, ноқонуний тайёрланган алкоголь албатта арзон бўлади, ушбу фарқ эса турли йўлларни қўллашга мажбур этади. Айни демпинг2 нархлар хуфия бозорнинг юраги ҳисобланади. Бундай ҳолат мавжуд бўлмаса, ноқонуний, бироқ анча арзон маҳсулотга бўлган талаб пасаяди, демак олинадиган наф ҳам камаяди. Шу сабабли спиртли ичимликлар ҳақиқий қийматидан паст бўлмаган даражада энг кам нархнинг жорий этилиши билан (барча харажатлар, шу жумладан солиқлар ҳамда зарурий фойдани ҳисобга олганда) ноқонуний алкоголь ишлаб чиқариш иқтисодий жиҳатдан фойдасиз бўлиб қолади.
    Иккинчидан, жорий этилган энг кам нархлар алкоголь ишлаб чиқарувчига бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитларни таъминлаш имконини беради. Бу масала эса ғоятда долзарб. Айрим тадбиркорлар зарур таркибий қисмларнинг ҳажмини камайтириш (уларнинг бирини олиб ташлаш ёки сифатсиз хом ашё билан алмаштириш) ҳисобига вино-ароқ ишлаб чиқариш технологиясини бузадиган, ўз харажатларини камайтириш бўйича бошқа чизмаларни қўллайдиган ноҳалол рақобатнинг кескинлашиши боис қонунга итоат қилувчи виждонли тадбиркорларга қараганда афзалликларга эга бўлиб, харидорга нархи пасайтирилганлиги туфайли ҳамёнбоп бўлган нархни таклиф қиладилар.
    Жорий этилган нарх тизими туфайли рентабеллик ошади ва, тегишинча, корхонада ривожлантириш учун қоладиган маблағлар кўпаяди, бундан ташқари савдо устамасини камайтириш имконияти пайдо бўлади.
    Учинчидан, алкоголли маҳсулотларга нархнинг қуйи планкаси жорий этилиши сифатсиз алкоголь истеъмолини камайтириш имконини беради.
    – Демак, бугунги кунда барча ихтисослаштирилган дўконларда алкоголли маҳсулот Қарор билан белгиланган нархлардан кам бўлмаган нархларда реализация қилиняптими?
    – Реализация қилиниши керак, чунки мазкур Қарор йил бошидан амал қиляпти.
    Улардан кам нархда реализация қилиниши мумкин бўлмаган алкоголли маҳсулотга энг кам улгуржи сотиш ва чакана нархларнинг аниқ миқдорлари Қарорга 1-иловада белгиланган. Улар вино ва ликёр-ароқ маҳсулотларига алоҳида, шунингдек ишлаб чиқарувчи корхоналар ва савдо корхоналари учун алоҳида белгиланган. Чунончи, ҳар қандай тайёр вино ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг (маълумки, республикада спиртли виноларнинг 90%га яқини ишлаб чиқарилади, қолган қисмини натурал ва шампан винолари ташкил этади) энг кам улгуржи сотиш нархи бир литр учун 1 800 сўмдан, ликёр-ароқ маҳсулоти 3 800 сўмдан паст бўлмаслиги керак, энг паст чакана нарх тегишинча 2 400 ва 5 000 сўмни ташкил қилади.
    Агар алкоголли идишнинг ҳажми хилма-хиллигини ҳисобга олсак, нархлар тартиби ҳам табақалаштирилган шкаладан иборат бўлади. Юқорида тилга олинган нархлар уни ҳисоб-китоб қилиш учун база ҳисобланади. Мисол учун, сиғими 0,25, 0,5 ва 0,7 л бўлган шишалардаги винони ишлаб чиқарувчилар тегишинча 450, 900 ва 1 260 сўмдан кам бўлмаган нархларда реализация қилишлари керак. Чакана савдода эса улар тегишинча 600, 1 200 ва 1 680 сўмдан кам турмайди. Коньяк, ароқ, ликёр ва бошқа алкоголли ичимликларни реализация қилишдаги табақалаштириш ҳам шунга ўхшайди. Чунончи, ишлаб чиқарувчи корхоналар 0,25 литрли шишадаги ароқни 950 сўмдан, 0,5 литрли шишадагисини 1 900 сўмдан, 0,7 литрли шишадагисини эса 2 660 сўмдан кам бўлмаган нархда реализация қилишлари керак. Ушбу товарларнинг худди шундай ҳажмлардаги чакана савдосида нарх тартиби тегишинча 1 250, 2 500, 3 500 сўмни ташкил қилади.
    – Энг кам нархлар қандай мезонлар асосида ҳисоблаб чиқарилганлигини тушунтириб берсангиз.
    – Энг кам улгуржи сотиш ва чакана нархларни белгилашда объектив равишда шаклланадиган ишлаб чиқариш харажатлари, зарур рентабеллик даражаси, маҳсулот бирлигига солиқлар ва мажбурий тўловларнинг амалдаги ставкалари, шунингдек улгуржи ва чакана савдо устамаларидан келиб чиқилди.
    Шу сабабли харидор шуни аниқ ўзлаштириб олиши керак: алкоголь белгиланганидан паст нархда бўлса, контрафакт ёки нолегал ишлаб чиқарилган маҳсулот эканлигини билдиради. Шу тариқа, энг кам нарх биринчи навбатда шишадаги ичимликнинг истеъмолчи учун хавфсизлигини тасдиқлайдиган индикатор ҳисобланади, чунки маҳсулот давлат сифат стандартларига мувофиқлиги текширувидан ўтганлиги хусусида гувоҳлик беради. Назорат қилувчи органлар учун эса бу истеъмолчи барча талаб қилинадиган солиқларни давлат бюджетига тўлаганлиги, демак, ўз маҳсулотини легал равишда ишлаб чиқарганлигининг яна бир тасдиғидир (акциз маркалари билан бир қаторда).
    – Энг кам нархларнинг миқдорлари ўзгарадими ёки улар узоқ муддатли истиқболга белгиланганми?
    – Бозор иқтисодиётининг нарх тизими анчагина ўзгарувчан тусга эга. Унга кўп омиллар таъсир қилади. Шу сабабли Қарорнинг 2-бандида нархларни тезкор ўзгартириш мақсадида қуйидаги шарт назарда тутилган: алкоголли маҳсулотлар учун энг кам улгуржи сотиш ва чакана нархлар, маҳсулотларни сотиш нархлари ва ҳажми ўзгаришидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан кўриб чиқилиши мумкин.
    – Алкоголли маҳсулотга бошқариладиган энг кам нарх белгиланишининг ўзи нолегал алкоголь муаммосини ҳал қилмаса керак?
    – Ҳақиқатан ҳам, чора-тадбирлар мажмуигина мавжуд муаммони ҳал қилиши мумкин. Аввало, энг кам нарх қўлланиши устидан тегишли назорат таъминланиши лозим. Жамоат назорати унинг муҳим таркибий қисмига айланиши керак. Мисол учун, маҳалла қўмиталари сингари жамоат институтининг аҳамияти жуда катта, уларнинг ахборот-тушунтириш иши аҳолига ижобий таъсир кўрсатади.
    Қарорнинг 4-бандида белгиланишича, Молия вазирлиги, ДСҚ, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси белгиланган тартибда мониторинг ва текширишлар ўтказиш воситасида алкоголли маҳсулотларнинг белгиланган нархлардан паст нархларда сотилишини аниқлаш учун тегишли назоратни амалга оширадилар. Чунончи, алкоголли маҳсулотларни белгиланган энг кам улгуржи сотиш ва чакана нархлардан паст нархларда реализация қилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда ишлаб чиқарувчи корхоналарга нисбатан жарима санкциялари қўлланади. Уларнинг миқдорлари Нархлар (тарифлар)ни шакллантириш ва уларнинг қўлланишини назорат қилиш тартибига (Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 31 мартдаги 165-сон қарори3 билан тасдиқланган) Қарорнинг 2-иловасига биноан киритилган қўшимчалар билан белгиланган. Мисол учун, ушбу талабни бузган тайёрловчи ўзи реализация қилган алкоголли маҳсулот қийматининг 20 фоизи миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда жарима солиш билан жазоланади.
    Айни шу ҳуқуқбузарлик жарима қўлланилганидан кейин бир йил мобайнида такроран аниқланган тақдирда – қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам улгуржи сотиш нархидан паст нархларда реализация қилинган алкоголли маҳсулот қийматининг 50 фоизи миқдорида, лекин ЭКИҲнинг 300 бараваридан кам бўлмаган миқдорда жарима солиш билан жазоланади. Ушбу жарималар суммасини аниқлашда реализация қилинган алкоголли маҳсулотнинг қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам улгуржи сотиш нархи бўйича ҳисоблаб чиқарилади.
    Шунингдек Қарорга 2-илова билан Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига (Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарорига 1-илова), Президентнинг 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сон қарорига 31-илова билан Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига (Президентнинг 2007 йил 16 мартдаги ПҚ-605-сон қарорига4 2-илова) алкоголли маҳсулотларни қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам чакана нархдан паст нархлар бўйича реализация қилишни тақиқлайдиган қўшимчалар киритилди. Чунончи, ушбу қоидаларни бузганлик учун ЭКИҲнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима солинади. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўриб чиқилганидан кейин энг охирги чора – алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси қўлланиши мумкин.
    Айбдор ходимлар амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортилишини қайд этиб ўтишимиз лозим. Ҳуқуқбузарликка баҳо берилишига боғлиқ ҳолда уларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланиши ёки жиноят ишлари қўзғатилиши мумкин.
    – Энг кам нархларнинг белгиланиши мамлакатимиздаги товар ишлаб чиқарувчига зарар келтирган ҳолда импорт маҳсулот учун янада қулайроқ режим ўрнатилишига олиб келмайдими?
    – Мутлақо. Савдода ҳозир энг кам нархлардан паст нархларда импорт алкоголли маҳсулотни топиб бўлмайди. Ана шу сабабли ҳам бу ҳол мамлакатимиздаги ишлаб чиқарувчилар учун ҳеч ҳам хавф солмайди.
    – Жорилла Хайруллаевич, муфассал тушунтиришларингиз учун миннатдорчилик билдираман. Суҳбатимиз якунида ишлаб чиқарувчи корхоналар ва чакана савдо корхоналари ўз вақтида хабардор бўлишлари учун қандай чора-тадбирлар кўрилганлигини билмоқчи эдим.
    – Қарорнинг 3-бандида «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компаниясига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқарувчи корхоналарга ва чакана савдо корхоналарига алкоголли маҳсулотлар учун энг кам нархлар жорий этилиши тўғрисида ўн кун ичида маълум қилиш топширилди. Улар шунингдек алкоголли маҳсулотлар учун энг кам нархлар қўлланиши тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўришлари ҳамда алкоголли маҳсулотлар учун энг кам нархлар жорий этилиши тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишларини ўтказишлари шарт. Ҳозирги вақтда барча манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан аҳоли ўртасида шу иш олиб борилмоқда. Бунга бизнинг суҳбатимиз ҳам мисол бўла олади, ишонаманки, у яқин орада газетхонларингиз эътиборига етказилади.

    Гулнора АБДУНАЗАРОВА


    ТЕЗКОР-ТАҲЛИЛИЙ ЙЎЛЛАР БИЛАН
    Мамлакатимизда амалга оширилаётган бугунги ислоҳотлар жараёнида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилаётган ёки берилаётган имтиёзларни ниқоб қилиб, қўштирноқ остида тадбиркорлик билан шуҚулланаётганлар, уларга ҳомийлик қилиб қонунбузарликка йўл қўяётганлар учраб туради.
    Шундай шахсларга қарши курашиш ва улар фаолиятига барҳам бериш вазифаси бошқа назорат органлари қаторида республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаменти ходимлари зиммасига юклатилган. Департамент тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тизимли таҳлил қилиш, жиноятларни фош этиш ва шу орқали солиқ базасини кенгайтиришга аҳамият бериб келаётир.
    СВОЖЖДЛҚК департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Ўктам Чориевич Ўтаев билан суҳбатимиз шу ҳақда боради.

    Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган яширин фаолият далилларининг келиб чиқишига имкон яратадиган шароитлар ва сабабларни ўрганиш, юзага келаётган ҳар бир муаммога таҳлилий ёндашиш хуфиёна иқтисодиётга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этади,– дейди Ў.Ўтаев.
    Шу асосда жорий йилда солиқ ва мажбурий тўловлардан бўйин товлашнинг мумкин бўлган янги канал ва механизмлари, айрим солиқ тўловчиларнинг тақдим этилган имтиёзлардан ноқонуний фойдаланаётгани, маблағлар ноқонуний сарфлангани ёки корхона раҳбарларининг ўз вазифасини лозим даражада бажармаслиги оқибатида давлат ва корхона манфаатларига зиён етказилгани ҳолатлари фош этилди.
    Масалан, «Texno Grand Universal» МЧЖ ҳисобрақамига 2009 йилнинг июнь ойи давомида турли корхоналардан қурилиш ва уй-жиҳоз моллари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ҳамда канцелярия моллари учун келиб тушган жами 750 млн сўм пул маблағлари турли корхоналардан товарлар сотиб олиш учун кўчирилган. Жамият томонидан бошқа корхоналардан сотиб олинган 110 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари бозорларда нақд пулга сотилиб, савдо пуллари НКМ хотирасига киритилмаган ва банк муассасасига инкассация қилинмаган. Қолаверса, жамият томонидан амалга оширилган юқоридаги товар айланмасидан 5 фоиз миқдоридаги 37,5 млн сўмлик ягона солиқ тўлови давлат бюджетига тўланмаганлиги аниқланди.
    Афсуски, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

    Яширин йўл билан ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатига кафолат бериб бўлмайди. Айтингчи, хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш жараёнида истеъмолчиларга сифатсиз маҳсулотлар сотилишига йўл қўймаслик борасида қандай чоралар амалга оширилаяпти?
    Ушбу мақсадда ўтказилган тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида пойтахтимиздаги 46 та яширин ишлаб чиқариш цехи фаолиятига барҳам берилди. Жумладан, Департаментнинг Юнусобод туман бўлими ходимлари фуқаролардан тушган аризага биноан яширин равишда колбаса тайёрлайдиган цехни аниқлашга муваффақ бўлдилар. Бу цех Собир Раҳимов туманида хусусий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган Р.Мирзаевга тегишли бўлган. Цехда 3 та ускуна мавжуд бўлиб, нопок тадбиркор уларнинг биттасидан яширин равишда фойдаланаётганлиги маълум бўлди. Турган гапки, ушбу ускунада тайёрланган маҳсулот назорат қилинмаган, унинг сифатига ҳам кафолат бўлмаган, уни сотувидан тушган нақд пуллар эса банк муассасасига инкассация қилинмаган.
    «Тадбиркор» яширин цехдаги ишни жонлантириш учун арзон ишчи кучидан фойдаланмоқчи бўлган. Сурхондарёлик бир неча фуқарони яхшигина иш ҳақи бераман, деб алдаб, цехда колбаса ишлаб чиқаришга уларни мажбур этган. Жисмоний азоб бериб, иш ҳақларини бермаган. Ачинарлиси шундаки, ишчиларни ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли шароитда сақлаб келган. Оқибатда мажбурий меҳнатга жалб қилинган А.Каримов гўштни қиймалаш электр мосламасини тозалаётган пайтда оғир тан жароҳати олган.

    Экспорт-импорт ва бартер операцияларини амалга оширишда содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш натижалари хусусида нима дейсиз?
    Мазкур соҳадаги қонунбузилишларни аниқлаш, олдини олиш бўйича ўтказилган таҳлиллар жараёнида 79 та корхона ва ташкилотнинг экспорт-импорт шартномалари ўрганиб чиқилди. Натижада жами 3,5 млн АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган дебитор қарздорликка йўл қўйилганлиги аниқланди.
    Жумладан, «Spentex Tashkent Toytepa» МЧЖ бир неча чет эл компаниялари билан пахта толасидан ишланган калава ипини етказиб бериш юзасидан 3 та экспорт шартномасини тузган (Туркиянинг «Gamasan Teks San Ve Tic. F.C» компанияси билан 319,7 минг, «Kabool Tekstil Ithalat Tic. Ltd.Sti.» билан 234,8 минг ва Бельгиянинг Chemitex Sa» компанияси билан 1 млн 498 минг АҚШ доллари миқдорида). Корхонада қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилиши натижасида ушбу шартномалар бўйича 245,3 минг АҚШ доллари миқдорида валюта тушуми чет элдан белгиланган муддатларда келиб тушмаган ва муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳосил бўлган. Натижада жамият томонидан 122,66 минг АҚШ доллари миқдорида мажбурий сотув амалга ошмай қолган ва банкнинг валюта захираларига ўтказилмаган. Мазкур ҳолат юзасидан корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Муҳими, ушбу йўналишда олиб борилган ишлар натижасида дебитор қарздорликлар 1 172 минг АҚШ долларига қисқартирилишига эришилди.

    Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, дейишади. Яширин иқтисодиётнинг олдини олиш учун қандай чора-тадбирларни ишга солган маъқул, деб ҳисоблайсиз?
    Айтиш даркорки, иш жараёнини таҳлилий тарзда олиб бориш, тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш, қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига тушунтириш, уларнинг эгри йўлдан тўғри йўлга ўтиб, қонуний фаолият бошлашларига, янги ишлаб чиқариш объектларини барпо этиб, янги иш ўринлари ташкил этишига омил бўлмоқда. Масалан, олиб борилган профилактик ишларимиз натижасида ноқонуний фаолият олиб бораётган 7 та хўжалик юритувчи субъект давлат рўйхатидан ўтказилиб, 35 та янги иш ўринлари ташкил этишга эришилди.
    Бошқарма томонидан ўтказиладиган барча тезкор-таҳлилий қидирув тадбирларида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятга ноқонуний аралашувларнинг олдини олишга катта эътибор қаратилади. Шунингдек, амалдаги қонунчиликни тушунтириш бўйича аҳоли ўртасида турли тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш яхши самара беради.
    Олиб борилаётган тадбирлар нафақат солиқларни тўлаш мажбурий эканлиги ёки яширин даромад эртага ташвиш олиб келишини, балки қонунга итоаткор тадбиркор иқтисодиётимиз ривожи, фуқароларимизнинг фаровон турмуш кечиришига асос яратиб, ҳамиша эл-юрт ва давлат ҳимоясида бўлишини англатади.
    Сабоҳат НОРБЎТАЕВА суҳбатлашди.

    БАНК ОПЕРАЦИЯЛАРИ  САНОҚЛИ СОНИЯЛАРДА . . .
    Хозирги кунда мамлакатда турли сохалар бўйича тўловларни элэктрон шаклда амалга ошириш тобора шакилланиб бормоқда. Тўловларни қулай йўли хисобланган ушбу шакл хақида ахолини доимий равишда бохабар қилиб туриш лозим. Айни шу мақсадда элэктрон тўлов тизимларидан бири бўлган “Уз-тўлов” тизими хақида малумот бериш учун биз “Uz-to’lov” тизими бўйича  ҳисоб-китоблар ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Б.Т.Сарибаевга саволлар билан мурожаат этдик:

    «Uz-to’lov” тизимини жорий этишга нималар, қандай омиллар сабаб бўлди?
    Ушбу тизим банк мижозларининг банк билан муносабатларини мустаҳкамлаш, уларнинг банк операцияларини саноқли сонияларда амалга оширилишини таъминлаш, аҳоли билан хизмат тақдим этувчилар ва махсулот етказиб берувчилар ўртасида фақат банк воситачилиги иштирокини ҳамда аҳолига хеч қандай қўшимча воситачилик ҳақисиз тўловни амалга ошириш имкониятини яратиш мақсадида жорий этилди.        Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли ва хўжалик субъектларининг бўш маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга жалб этишни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2009 йил 6 апрелдаги ПҚ-1090 сонли Қарори асосида ишга туширилди.

    Ушбу тизим кандай тўловларни амалга оширишга имкон беради?
    Тизим аҳолидан кунлик эхтиёжлари учун зарур бўладиган барча банк операцияларини амалга ошириш имконини беради. Яъни жисмоний шахс кундалик ҳаётидаги барча молиявий операцияларни, жумладан коммунал тўловлар, уяли алоқа ва маҳаллий телефонларига, ҳамда бошқа банк орқали амалга ошириладиган тўловларни амалга ошира олади.

    «Uz-to’lov” тизими бошка тўлов тизимларидан устун ёки фарқли жихати нимада?
    Мазкур тўлов тизимининг бошқа тўлов тизимларидан фарқли томони хизмат кўрсатувчи ва маҳсулот етказиб берувчилар ҳисобига тўланадиган тўловларни тўғридан-тўғри ортиқча воситачиларсиз, устама восита ҳақисиз, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш воситалари орқали банк операцияларини банкка келмасдан амалга ошириш имкони мавжуд. Бу дегани тўловларни амалга ошираётганингизда хеч қандай учинчи шахс сиздан тўловни қабул қилиб олмайди. Сиз тўловларни ўзингиз амалага оширасиз.

    Тўлов амалга оширилганидан кейин фойдаланувчига қандай хужжат берилади?
    Электрон тўлов амалга оширилгандан сўнг тўловчига чек берилади ва бу чек квитанциялар, талонлар, билетлар ва товарлар (хизматлар) учун тўловни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларга тенглаштирилган.

    Масалан, бирор сабаб бўлиб истеъмолчи  хуқуқи бузилиш холати юз берса, истеъмолчи даъвоси билан қаерга мурожаат этиши мумкин? Ишонч телефонлари борми?
    Агар истеъмолчи ҳуқуқи бузилса, хизмат кўрсатиш шаҳобчаси тегишли бўлган ёки тизимда рўйхатдан ўтган тижорат банклари бўлинмаларига, тижорат банклари Бош офисларига ёки Халқ банкининг 150-12-86 телефонига кўнғироқ қилиши мумкин.

    «Uz-to’lov” тизимини жорий этилганидан бери хозирга қадар қандай натижаларга эришилди?
    “Uz-to’lov” миллий тўловлар тизими тармоғини кенгайтириш таъминланмоқда. Йил якунига қадар тўловларни қабул қилиш пунктлари сони Халқ банки тизими муассасаларида 3034 тага ва банкнинг мижозлари – хўжалик субъектларини жалб қилиш ҳисобига 6000 тага етказиш режалаштирилган бўлиб, банк муассасаларида бугунги кунда 1390 тадан ортиқ ва банкнинг мижозлари – хўжалик субъектларини жалб қилиш ҳисобига 360 тадан ортиқ, жами 1750 тадан ортиқни ташкил этди. Шунингдек бошқа тижорат банклари ва ташкилотларни жалб этиш ҳисобига бундай пунктлар сонини жами 20000 тага етказилиши режалаштирилган бўлиб, бу борада ОАТ “Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки”, АТИБ “Ипотекабанк”, ОАТБ “Қишлоқ қурилиш банки”, ОАТ “Микрокредитбанк”  каби тижорат банклари билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди. Бошқа тижорат банклари ва ташкилотлар билан ҳамкорлик келишувлари олиб борилмоқда. Ушбу банкларда тўловларни қабул қилиш бўйича пунктлар очиш чоралари ва ташкил этилган пунктларнинг сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

    ҲАКАМЛИК СУДИ ТОМОНЛАР КЕЛИШУВИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

    Ҳозирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузурида ва вилоятларда ҳакамлик судлари ташкил этилган. Ушбу ҳакамлик судлари тадбиркорлар ўртасида келиб чиқаётган муаммоларни ечиш ҳамда яна ўз фаолиятларини юритишлари учун томонлар ўртасида келишувларни таъминлашда асосий вазифани бажармоқда. Биз ҳакамлик суди тўғрисида кенгроқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси Юридик бўлими бошлиғи Шуҳрат Муратбоевич АБДУЛЛАЕВга мурожаат этдик.

    Ҳакамлик суди нима учун керак  ва унинг давлат судларидан фарқи нимада?
    Ҳакамлик муҳокамаси иқтисодий низоларни ҳал этишнинг самарали механизми бўлиб, низоларни ҳал этиш тартибида махфийликни, тезкорликни ва тежамкорликни таъминлаган ҳолда низолашаётган томонларга, улар ўртасидаги келишмовчиликларга қарамасдан, амалий мулоқотлар, ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолишга йўл қўяди. Ҳакамлик судининг қарори қарор қабул қилинган кундан ёки ҳал қилув қарорида кўрсатилган санадан бошлаб дарҳол ижро этилади. Ҳал қилув қарори ихтиёрий равишда ижро этилмаган ҳолда, у қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий ижро этилади. Давлат судларидан фарқи шундаки, ҳакамлик муҳокамаси низони дастлабки инстанцияда ҳал қилишни назарда тутса, давлат судларида низо бир неча инстанцияларда кўриб чиқилиши мумкин (апелляция, кассация инстанциялари, назорат тартибида) Давлат судида низони фақат биринчи инстанцияда кўриб чиқилиши ўртача 60 кун (кўриб чиқиш муддатини узайтириш билан) ва ундан юқори бўлса, ҳакамлик судида ҳар қандай мураккаб низонинг ҳал этилиши даъвогар ҳакамлик судига даъво аризаси берган пайтдан қарор қабул қилинганга қадар 20 кундан 40 кунгача бўлади.  Яна шуни ҳам айтиш керакки, кўрилаётган ҳар битта иш учун давлат божи тўланиши шарт (даъвогар томонидан). Ҳакамлик судида эса тарафлар давлат божини тўлашмайди. Ҳакамлик судида низони ҳал қилган судьяларнинг сарф-харажаатларини қоплаш учун ҳакамлик йиғими ундирилади. Агар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги ҳакамлик судларига мурожаат қилинса, палата аъзолари  давлат божи тўламасдан ҳакамлик судига мурожаат этиш ҳуқуқига эгалар.

    Ҳакамлик судида ҳакамлар ким томонидан ёки қандай мезонларга асосланган ҳолда тайинланади?
    Ёши 25 дан ошган, муомала лаёқатига эга, олий маълумотли бўлган, аввалги иш жойларидан яхши тавсияномалар олган юристлар ёки иқтисод ва бошқа соҳадаги малакали ходимлар ҳакамлик суди судьяси этиб тайинланиши мумкин. Ҳакамлик суди судьялари шу ҳудуддаги Адлия бошқармасининг тегишли рухсатномасига кўра суд раиси томонидан меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилинади.

    Ҳакамлик суди қандай тартибда ўтказилади: очиқ суд шаклидами ёки ёпиқ суд шаклида, яъни томонлар ўртасида бўлган низо ҳақидаги маълумотлар сир сақланадими?
    Томонларнинг таклифларига кўра суд жараёни ёпиқ суд мажлисида ўтказилади.  Ҳакамлик суди мажлислари ёпиқ тартибда ўтказилганлиги учун томонлар ўртасида бўлган низо ҳақидаги маълумотлар ва низонинг бошқа тафсилотларини жамоатчиликка овоза қилишга йўл қўйилмайди ҳамда тижорат сирини сақлашни таъминлайди.

    Ҳакамлик судида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқаётган, тадбиркорлик фаолиятининг субъектлари ўртасида пайдо бўлаётган қандай низолар кўриб чиқилиши мумкин?
    Ҳакамлик судлари тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар ўрталаридаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган иқтисодий, молиявий соҳадаги ҳар қандай низони кўриб чиқиши мумкин.
    фуқаролик ва хўжалик шартномаларининг ҳақиқийлиги, ўзгартирилиши, бузилиши, ижро этилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай низолар (етказиб бериш, олди-сотди, кредит, ижара, қимматбаҳо қоғозлар ва ҳ.к.);
    зарар етказилиши натижасида мажбуриятлардан келиб чиққан низолар;
    интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ҳуқуқи билан боғлиқ бўлган низолар;
    номоддий бойликлар ҳимояси билан боғлиқ бўлган низолар (мавқе, ор-номус билан боғлиқ);
    кўчмас мулкка эгалик қилишдаги тўсқинлик, эгалик қилиш ва тасарруф этишдан келиб чиққан низолар;
    ва бошқа низолар.

    Юридик шахслар, якка тадбиркор, жисмоний шахслар ҳамда чет мамлакат фуқаролари ва ташкилотлари ҳакамлик муҳокамасининг томонлари бўлиши мумкин.
    Ҳакамлик судига мурожаат қилишнинг мажбурий шарти бўлиб, томонларнинг низони ҳакамлик судига кўриб чиқиш учун топшириш ҳақидаги ва мажбурий шартларнинг бири сифатида  шартномага киритилган ёзма равишда, шу жумладан, илгари пайдо бўлган низоларни кўриб чиқиш мақсадида тузилган  ёки алоҳида тузилган битим ҳисобланади.
    Ҳакамлик судлари солиқ, маъмурий, оилавий ва меҳнат-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни ҳал этмайди.
    Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳакамлик битими тарафлари бўла олмайдилар.

    Ушбу ҳакамлик судида солиқ соҳасига оид муаммоларни ҳам ҳал қилса бўладими?
    Солиқ соҳасига оид муаммолар ҳакамлик судида кўриб чиқилмайди. Чунки Давлат солиқ инспекцияси давлат ҳокимияти органи ҳисобланиб, ҳакамлик суди эса фақат тадбиркорлар ўртасидаги муаммоларни кўриб чиқади.

    Суд қарори қандай кучга эга, яъни ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори  қандай ижро этилади?
    Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори Қонунчилик палатаси томонидан 2006 йил 8 февралда қабул қилинган “Ҳакамлик тўғрисида”ги қонуннинг 49-моддасига асосан белгиланган тартибда ва муддатларда ихтиёрий ижро этилади. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ижро этиш муддати белгиланмаган бўлса, у дарҳол ижро этилиши керак. Қонуннинг 50-моддасига кўра, агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида белгиланган муддатда ихтиёрий ижро этилмаган бўлса, у мажбурий ижро этилиши керак. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, ваколатли суд берган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

    Борди-ю судга берилган тараф судга келишдан бош тортса, унда қандай чора кўрилади?
    Борди-ю жавобгар тараф судга келмаган тақдирда  улар тегишли тартибда огоҳлантирилади, яъни мажлисда кўриладиган муаммо, куни ва вақти кўрсатилган суд чақирув варақаси юборилади ёки почта орқали буюртма хати юборилади. Борди-ю шунда ҳам чақирилган тараф судга келмаса, суд шу тарафнинг иштирокисиз ишни кўриб чиқишга мажбур бўлади. Агар айбланувчи тараф ижрони бажармаса, давлат судига мурожаат этилади.

    Умуман олганда, фуқаролар қайси судга мурожаат этишлари афзалроқ, ҳакамлик судигами ёки  давлат судларигами?
    Агар тадбиркорлар ва тадбиркорлик субъектлари ўзларининг молиявий томондан сарф-харажатларини камайтиришни, низони ўзлари танлаган судьялар ҳал қилишини, ишни кўриб чиқиш муддатини тезлаштиришни, ишни сайёр суд мажлисларида одилона ҳал қилишни (томонларнинг талаби билан иш сайёр суд мажлисида кўрилади) хоҳласалар, ҳакамлик судларига мурожаат қилишлари маъқул. Мисол учун, интернет сайтида палатанинг ҳудудий бошқармалари қошидаги ҳакамлик судлари ва уларнинг судялари тўғрисида маълумотлар берилган. Тадбиркорлар ушбу сайтга ташриф буюриб, ҳакамлик суди тўғрисида тўлиқ маълумот олишлари мумкин. Бу ерда ҳакамлик судлари судьяларининг рўйхатлари, манзиллари ҳам берилган. Агар тарафлар Республика Савдо-саноат палатаси ҳакамлик судига мурожаат этишмоқчи бўлишса, интернет сайти орқали ҳакамлик суди регламенти билан тўлиқ танишиб чиқишлари мумкин.

    Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида охирги пайтларда айнан ҳакамлик суди ишлари бўйича қандай ишлар кўриб чиқилмоқда?
    Савдо-саноат палатаси ҳузурида очилган ҳакамлик судлари бўйича ҳозирда ҳар бир чоракда тренинглар ўтказилиб турилади ва биз ушбу тренингларга Давлат судларидан (ваколатли судлар) чет элдаги ҳакамлик, арбитраж судларидан вакиллар таклиф қиламиз. Мисол тариқасида, яқинда Германиядан ҳакамлик суди вакиллари ташриф буюришди ва ҳозирда тажрибалар алмашиб келинмоқда.

    Ҳозирда ҳакамлик судига нисбатан фуқароларнинг муносабатлари қандай бўлмоқда?
    Ҳакамлик суди тўғрисидаги қонун 2007 йилда амалга киритилди. Кўп жойларда Савдо-саноат палатаси томонидан ҳакамлик суди тўғрисида эълонлар бериб борилмоқда ва бундан ташқари, Палатанинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ҳакамлик судлари очилган. Ҳакамлик судларига нисбатан фуқаролар муносабати аввалги пайтларга нисбатан анча ижобий томонга ўзгариб бормоқда. Агар ҳисоботларга эътибор қаратадиган бўлсак ҳам ўтган йилга нисбатан шу йилнинг ярим йиллигида фуқаролар мурожаатлари 25 фоизга ошганлигини кўриш мумкин.