1. САВОЛ:
ТМБ ва корхонанинг (унинг асосий фаолият тури - консалтинг хизматлари) бошқа активларини реализация қилишдан олинган даромадларга солиқ солиш бобида савол:
1) корхона ходимга ТМБ ва бошқа активларни иш ҳақи ҳисобидан юклаб жўнатади: Д-т 6710 - К-т 4010;
2) ТМБ ва бошқа активлар юклаб жўнатилган: Д-т 9220 - К-т 1080;
3) ТМБ ва бошқа активлардан олинган тушум: Д-т 4010 - К-т 9220;
4) даромад акс эттирилган: Д-т 9220 - К-т 9330.
Ушбу ҳолда қандай суммага солиқ солиш керак: юклаб жўнатилган ТМБ ва бошқа активлар суммасигами ёки ялпи даромадга?
ЖАВОБ:
Хизматлар асосий фаолият тури ҳисобланганлиги сабабли, материаллар реализацияси чоғида уларнинг чиқиб кетишидан олинган даромадларга солиқ солиниши керак, улар:
фойда солиғини (Солиқ кодексининг 132-моддаси, бундан кейин - СК);
ягона солиқ тўловини (СКнинг 353, 355-моддалари) ҳисоблаб чиқараётганда солиқ солинадиган базага киритилади.
СКнинг 133-моддасига кўра, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган фойда мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромаддир. Шу тариқа, материаллар чиқиб кетиши чоғида солиқ солинадиган даромад 4-сон БҲМС "Товар-моддий захиралар"нинг 50-банди бўйича белгиланади.
ҚҚС тўловчиларда материалларни реализация қилиш ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланади. Солиқ солинадиган база унга ҚҚСни киритмаган ҳолда реализация қилинадиган ТМБ қиймати асосида белгиланади (СКнинг 204-моддаси).
МИСОЛ:
Консалтинг хизматлари кўрсатадиган ташкилот ўз ходимига таъмирлашдан қолган, қиймати 220 минг сўм бўлган бўёқни 400 минг сўмга сотди, тўлов унинг иш ҳақидан ушланади. Ташкилот ягона солиқ тўлови тўловчисидир (ҚҚС тўламайди).
ЯСТ 180 минг сўм (400 - 220) даромадга солинади. У корхонанинг асосий фаолият турига мувофиқ келадиган ставка бўйича ҳисобланади. Консалтинг ташкилотлари учун ставка 2011 йилда 6%ни ташкил қилади (Президентнинг 2010 йил 24 декабрдаги ПҚ-1449-сон қарорига 9-1-илова). Мазкур операция бўйича ягона солиқ тўлови суммаси 10800 сўмни (180000 х 6%) ташкил қилади.
2.САВОЛ:
МЧЖ уставида сартарошлик (турмаклаш, соч олиш, маникюр, педикюр, косметолог) ва тикув ательеси фаолият турлари бўлиб, ушбу фаолият турлари солиқ имтиёзлари татбиқ этиладиган хизматлар рўйхатига кирадими?
Президентнинг 2007 йил 21 майдаги 640-сон қарорига 9-иловада хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантириш дастурининг асосий йўналишлари ва тадбирларида сартарошлик хизматлари ва тикув ательеси сингари анъанавий маиший хизматлар ҳажмларини кенгайтириш ва, тегишинча, уларга имтиёзли солиқ солиш назарда тутилган.
Бизнинг фаолият турларимиз солиқ имтиёзлари татбиқ этиладиган хизматлар рўйхатига кирадими?
ЖАВОБ:
Айрим хизмат турлари бўйича фойда солиғи ва ягона солиқ тўловидан озод қилиш кўринишидаги имтиёз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сон қарори билан белгиланган.
Уни рўйхати мазкур қарорнинг 4-иловасида келтирилган бўлиб, айрим хизмат турларини кўрсатадиган микрофирмалар ва кичик корхоналар 2012 йил 1 январгача имтиёзларни қўллай оладилар.
Улар бўйича батафсил тушунтиришлар «Айрим хизматларни кўрсатаётган юридик шахслар учун фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида»ги низомда келтирилган.
Юқорида келтирилган фаолият турлари (сартарошлик ва тикув) рўйхатга кирмаслиги сабабли мазкур имтиёз татбиқ этилмайди.
3.САВОЛ:
Импорт қилинадиган хом ашё бўйича ҚҚСни қандай қилиб ҳисобга киритишимиз мумкин?
ЖАВОБ:
Импорт қилинган хом ашё бўйича қўшилган қиймат солиғи Солиқ кодексининг 39-бобига мувофиқ ҳисобга киритилади. Уни амалга ошириш учун СК 218-моддасининг қуйидаги талабларига риоя этиш керак:
хом ашёдан солиқ солинадиган оборот, шу жумладан ноль даражали ставка бўйича оборот мақсадларида фойдаланилади;
ҚҚС бюджетга тўланади. Агар импорт қилинган товарларга солиқ тўлашдан озод қилиш тарзида мақсадли имтиёз берилган бўлса, ҚҚС ҳам ҳисобга қабул қилинади;
импорт қилинган хом ашё ва материаллардан ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган экспорт маҳсулотини ишлаб чиқаришда фойдаланилганида экспорт маҳсулотига чет эллик харидор ҳақ тўлаганлигини тасдиқлайдиган банк кўчирмаси мавжуд.
Мамлакат ичида сотиладиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун хом ашё импорт қилинганида ҚҚС амалда бюджетга тўланган ҳисобот даврида ҳисобга киритилади.
Экспорт маҳсулоти (ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган) ишлаб чиқариш учун импорт хом ашёсидан фойдаланилганида олиб кириш чоғида тўланган ҚҚС валюта тушуми корхонанинг ҳисоб-китоб рақамига келиб тушган даврда маҳсулот реализациясидан келиб тушган улушида ҳисобга қабул қилинади.
МИСОЛ:
ҚҚС тўловчи корхона мамлакат ичида ва экспортга реализация қилинадиган маҳсулот ишлаб чиқаради. Уни ишлаб чиқариш учун хом ашё келтирилиб, уни божхонада расмийлаштиришда 12 500 минг сўм ҚҚС тўланган.
Хом ашё олиб кирилганида корхонада унинг харажатини экспортга ва ички бозорда реализация қилинадиган маҳсулот бўйича алоҳида ҳисоб-китоб қилиш имконияти мавжуд бўлмаган. Ҳисобот даврида реализация ҳажми қуйидагиларни ташкил қилди:
ички бозорга - 48 100 минг сўм, шу жумладан 8 016,7 минг сўм ҚҚС;
экспортга - 35 200 минг сўм (ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси). Бунда контрактнинг умумий суммасидан 40% валюта тушуми келиб тушган.
Харид қилинган импорт хом ашёсидан қуйидаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган:
ички бозорда реализация қилинган маҳсулот - 18 000 минг сўмга, ҚҚС - 3 600 минг сўм;
экспорт қилинадиган - 15 100 минг сўм, ҚҚС - 3 020 минг сўм.
Ҳисобот даврида қуйидаги тарзда ҳисобга қабул қилинади:
ички бозорда реализация қилинган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланилган импорт хом ашё бўйича ҚҚС суммаси - 3 600 минг сўм;
экспорт қилинган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланилган, олиб кирилган хом ашё бўйича ҚҚС суммаси (келиб тушган валюта тушумидан улушда) - 1 208 минг сўм (3 020 х 40%).
4.САВОЛ:
Корхона чет эл компанияси билан интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга мутлақ ҳуқуқлар олишга шартнома тузди. Биз моддий ташувчида олинган дастурий таъминотни ёзиш / такрор ҳосил қилиш билан шуғулланамиз. Чет эл компаниясига роялти (Ўзбекистонда сотишдан %да) тўлаймиз.
Юқорида келтирилган операцияларга солиқ солиш бўйича тушунтириш берсангиз. Биз норезидент хизматлари импорт қилиниши муносабати билан ҚҚС тўлашимиз ва тўлаш чоғида роялтидан солиқ ушлашимиз керакми?
ЖАВОБ:
СКнинг 202 ва 207-моддаларига кўра, корхонангизда, агар уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳисобланса, Ўзбекистон норезидентидан олинган ишлар, хизматлар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича мажбурият юзага келади. Интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқларни бериш ёки улардан фойдаланишга ҳуқуқни тақдим этиш бўйича реализация қилиш жойи бўлиб, СКнинг 202-моддасига мувофиқ, агар ушбу ҳуқуқларни харид қилувчи фаолиятни унинг ҳудудида амалга оширса, Ўзбекистон Республикаси ҳисобланади. Харидорнинг фаолиятни амалга ошириш жойи бўлиб, у давлат рўйхатдан ўтказиш асосида Ўзбекистонда ҳақиқатда ҳозир бўлган тақдирда республика ҳудуди ҳисобланади.
Шу тариқа, чет эл компаниясидан интеллектуал мулк объектидан фойдаланиш ҳуқуқлари олиниши корхонангиз учун ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланади. Солиқ солинадиган база мазкур ҳолда Ўзбекистон норезидентига тўланадиган суммадан келиб чиқиб, даромад тўлаш манбаида ушланадиган солиқ суммасини чегирмасдан туриб аниқланади.
Бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси солиқ солинадиган база ва 20%лик ставкадан келиб чиқиб аниқланади. Агар олинган ҳуқуқлар учун ҳақ чет эл валютасида тўланса, солиқ солинадиган оборот миллий валютада, оборот амалга оширилган санада Марказий банк белгилаган курс бўйича қайта ҳисобланади. ҚҚС тўловчи корхона унинг тўланганлигини тасдиқлайдиган тўлов ҳужжати асосида тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга қабул қила олади.
Шуни таъкидлаш лозимки, агар корхонангизга берилган ҳуқуқлар СКнинг 208, 209 ва 210-моддаларига кўра ҚҚС солишдан озод қилинган бўлса (масалан, интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга ҳуқуқлар халқаро ва чет эл ҳукумат молия ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари бўйича берилган қарзлар (кредитлар) ҳисобига, шунингдек грантлар ҳисобига олинган тақдирда), имтиёз қўлланади ва сизда ҚҚС тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.
Чет эл корхонасига тўланаётган роялти суммаси СКнинг 155-моддасига кўра норезидентнинг даромади ҳисобланади ва унга тўлов манбаида ушбу даромадларни олиш билан боғлиқ харажатларни чегирмасдан туриб солиқ солинади. СКнинг 160-моддасига мувофиқ норезидентларнинг роялти тарзидаги даромадларига тўлов манбаида 20%лик ставка бўйича фойда солиғи солиниши керак.
МИСОЛ:
Норезидентга даромад - 40 000 минг сўм миқдорида роялти ҳисоблаб ёзилган.
Норезидент хизматлари қийматидан ҚҚС 8 000 минг сўмни (40 000 х 20%) ташкил этади. Норезидентга тўланадиган даромаддан фойда солиғи 8 000 минг сўмга (40 000 х 20%) тенг.
Норезидентга ушланган фойда солиғини чегирган ҳолда сумма - 32 000 минг сўм тўланади.
5.САВОЛ:
Буюртмачининг материалидан буюртмага буюмлар ишлаб чиқариш чоғида акциз солиғи тўлаш.
Корхона қимматбаҳо материаллар ва тошлардан буюмлар ишлаб чиқаришни режалаштиряпти. Хом ашё сифатида буюртмачининг ҳамда жисмоний шахслардан сотиб олинган материаллардан фойдаланилади.
Биз буюртмачининг материалидан буюртмага буюмлар ишлаб чиқариш чоғида акциз солиғи тўлашимиз керакми ёки йўқми?
ЖАВОБ:
Солиқ кодексининг (СК) 229-моддасига кўра, акциз солиғи тўловчи юридик ва жисмоний шахслар қуйидагилардир:
Ўзбекистон ҳудудида акциз солиғи солинадиган товарларни (акциз тўланадиган товарларни) ишлаб чиқарувчилар;
Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига акциз тўланадиган товарларни импорт қилувчилар;
оддий ширкат акциз тўланадиган товар ишлаб чиқарган тақдирда, оддий ширкат шартномасининг оддий ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган шериги (иштирокчиси).
Акциз тўланадиган товарларни улуш қўшиш асосида қайта ишлашга топшириш, шунингдек улуш қўшиш асосида хом ашё ва материалларни, шу жумладан акциз тўланадиган хом ашё ва материалларни қайта ишлаш маҳсули бўлган акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқарувчи томонидан қайта ишлашга берилган хом ашё ва материалларнинг мулкдорига топшириш, СК 230-моддасининг 4-бандига кўра, акциз солиғи солинадиган объектдир.
Шу тариқа, сизнинг корхонангиз қайта ишлашга берилган хом ашё шартларида қимматбаҳо материаллардан буюмлар ишлаб чиқариш ва уларни топшириш чоғида акциз солиғи тўлаши керак.
6.САВОЛ:
2009 йил октябрида прокуратура корхонанинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғади. 2010 йил май ойида шаҳар суди уларни авф қилиш ва жиноят ишини уларнинг айбдорлилик масаласини ҳал қилмасдан тугатиш тўғрисида қарор чиқарди. Ана шу қарорда омборлар, ишлаб чиқариш цехлари, шунингдек қўшма корхонанинг асбоб-ускуналари жиноят қуроли бўлганлиги белгиланди, улар давлат даромадига берилиши таъкидланди. Бироқ ҳозирги вақтгача ушбу активлар давлат даромадига топширилмаган.
Агар қарор чиқарилганидан кейин мол-мулкдан фойдаланилмаган, у тўлалигича топширишга тайёрланган бўлса, корхона жиноий ишлар бўйича шаҳар судининг ажримига биноан мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаб ёзмасликка ҳақли бўладими?
ЖАВОБ:
Солиқ кодексининг 279 ва 280-моддаларига мувофиқ мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари ер солиғини тўловчиларидир. Бунда қайси ер участкаларига бўлган тегишли ҳуқуқ йил мобайнида солиқ тўловчига ўтган бўлса, ўша ер участкалари учун солиқ солинадиган база ер участкаларига тегишли ҳуқуқ вужудга келганидан кейинги ойдан эътиборан ҳисоблаб чиқарилади. Ер участкасининг майдони камайтирилган тақдирда, солиқ солинадиган база ер участкаси майдони камайтирилган ойдан эътиборан камайтирилади.
Мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки тезкор бошқариш ҳуқуқи корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулкка ўтганида улар билан биргаликда ушбу объект банд этган ва ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади. Бундай ҳуқуқнинг ўтиши янги ер эгаси ёки ердан фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотларни туман, шаҳарнинг ер-кадастр дафтарига тегишли шартномалар, мулкдорлар ёки улар ваколат берган органлар ёхуд шахсларнинг қарорлари асосида киритиш ҳамда уларга ер участкасига доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки умрбод мерос қоладиган эгалик қилиш ҳуқуқига давлат далолатномаларини бериш йўли билан расмийлаштирилади.
Кўчмас мулкни топшириш ва уни қабул қилиш тарафлар имзолайдиган топшириш далолатномаси ёки топшириш тўғрисидаги бошқа ҳужжат бўйича амалга оширилади. Сизлар ушбу талабларга риоя этмаганингиз боис бу ер участкалари сизнинг мулкингиз, фойдаланишингиз ёки ижарангизда қолган. Солиқ кодексида жиноят иши қўзғатилган ҳамда барча кўчар ва кўчмас мулк хатланган ҳолларда мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод қилиш (тўхтатиш) назарда тутилмаган. Шу боис корхонангиз умумбелгиланган тартибда ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлаши шарт. Ер участкалари топширилгандан кейингина корхона ер солиғини ва, тегишинча, мол-мулк солиғини тўлашдан топширилган ер участкаси ва мол-мулкка тегишли қисмида озод қилинади.
7.САВОЛ:
Корхонамизнинг асосий фаолият тури - чакана савдо. Шунингдек умумий овқатланиш билан шуғулланамиз.
Биз энг кам меъёрларга асосан ҳисоблаб чиқариладиган Кўрсаткичлар тўғрисидаги ахборотни қандай фаолият тури бўйича: фақат чакана савдо бўйича тақдим этишимиз керакми ёки умумий овқатланиш бўйича ҳамми?
Биз умумий овқатланиш бўйича ходимлар сонининг энг кам меъёрлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини ҳисоб-китоб қилишимиз керакми?
Биз фақат асосий фаолият тури - чакана савдо бўйича Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди тўғрисида маълумотнома-ҳисоб-китоб топширишимиз керакми?
ЖАВОБ:
Ходимлар сонининг энг кам меъёрлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш тартиби татбиқ этиладиган бир неча фаолият тури билан шуғулланадиган корхоналар ходимлар сонининг энг кам меъёрини фақат асосий фаолият тури бўйича ҳисоб-китоб қиладилар. Тегишинча, ушбу меъёрларга асосланиб ҳисоблаб чиқариладиган Кўрсаткичлар тўғрисидаги ахборот ҳам фақат асосий тур бўйича, сизнинг ҳолатингизда - чакана савдо бўйича тақдим этилади.
Асосий бўлмаган фаолият - умумий овқатланишда банд бўлган ходимларнинг, шунингдек маъмурий ва техник ходимларнинг ҳақиқатдаги сони умуман корхона бўйича МҲТФнинг энг кам меъёри ҳисоб-китобига киритилиши керак (Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-банди). У чакана савдо корхоналари томонидан кўрсатилган Низомга 2-иловада келтирилган шаклдаги Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди тўғрисидаги маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 020-сатрида кўрсатилади. Умумий овқатланиш бўйича алоҳида Маълумотнома-ҳисоб-китоб тақдим этиш керак эмас
8.САВОЛ:
Корхонамиз (ХХТУТ бўйича коди 18121) асосан ёғ-мой маҳсулоти ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва умумдавлат солиқларини тўлайди. 2010 йилда туман ҳокимининг қарори билан бизга Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан қишлоқ хўжалигини юритиш мақсадида 2 та ер участкаси ажратилди. Биринчи участканинг майдони 30,8 гектар бўлиб, суғориладиган экинзор (20,4 гектар), суғорилмайдиган ерлар (0,4 гектар) ва қишлоқ хўжалиги фаолиятида фойдаланилмайдиган ерлардан (10,0 гектар) иборат, бонитети 65 балл. Иккинчи участканинг майдони 0,5646 гектар бўлиб, ёрдамчи хўжалик-чорвачилик фермаси учун мўлжалланган.
Юқорида саналган ерларга 2010 ва 2011 йилларда солиқ солиш тартиби қандай?
Биз ер солиғи ёки ягона ер солиғини ҳисоб-китоб қилишимиз керакми ва унинг ставкалари қандай бўлади?
ЖАВОБ:
Корхонанинг асосий фаолият тури ёғ-мой маҳсулоти ишлаб чиқариш эканлиги ва сиз умумбелгиланган солиқлар тўловчиси ҳисобланишингиз боис ўзингизга ажратилган ер участкалари бўйича мулк, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ер участкаларига эга бўлган юридик шахс сифатида (Солиқ кодексининг 279-моддаси) юридик шахслар учун белгиланган ставкалар бўйича, яъни ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари ставкалари бўйича ер солиғини тўлашингиз керак. 2010-2011 йилларга улар Президентнинг ПҚ-1245-сон ва ПҚ-1449-сон қарорларига иловаларда белгиланган.
2010 йилда ер солиғини сиз 1-жадвал "Суғориладиган жамоат қишлоқ хўжалиги ерлари учун ундириладиган ер солиғи ставкалари" (Тошкент вилояти Янгийўл тумани, 61 дан 70 баллгача қадар устун бўйича), 3-жадвал "Суғорилмайдиган пичанзорлар ва яйловлар учун ундириладиган ер солиғи ставкалари" (Тошкент вилояти) ва 4-жадвал "Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлар учун ундириладиган ер солиғи ставкалари" (Тошкент вилояти) бўйича ҳисоб-китоб қилишингиз керак.
2011 йилда ер солиғи 1.1-жадвал "Суғориладиган жамоат қишлоқ хўжалиги ерлари учун ундириладиган ер солиғининг базавий ставкалари" (Тошкент вилояти Янгийўл тумани), 1.2-жадвал "Суғориладиган жамоат қишлоқ хўжалиги ерлари учун ундириладиган ер солиғининг базавий ставкаларига тузатувчи коэффициентлар" (ерларнинг VII даражаси бўйича), 3-жадвал "Суғорилмайдиган пичанзорлар ва яйловлар учун ундириладиган ер солиғи ставкалари" (Тошкент вилояти) ва 4-жадвал "Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлар учун ундириладиган ер солиғи ставкалари" (Тошкент вилояти) бўйича белгиланади.
Шуни таъкидлаш лозимки, ягона ер солиғини тўловчилар қуйидагилардир: қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илмий-тадқиқот ташкилотларининг тажриба-экспериментал хўжаликлари ва таълим муассасаларининг ўқув-тажриба хўжаликлари. Бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган юридик шахслар солиқ солиш мақсадида қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар жумласига киради:
ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ёхуд ер участкаларидан фойдаланган ҳолда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар;
қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши реализация қилиш ёки қайта ишлаш учун олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўз ичига олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш умумий ҳажмида камида 50 фоизни ташкил этадиган юридик шахслар.
Агар 2011 йил якунлари бўйича унинг фаолият кўрсаткичлари юқорида келтирилган шартларга жавоб берса, корхонангиз ягона ер солиғи тўловчиси бўлиши мумкин.
9.САВОЛ:
Ангрен шаҳридаги, ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ва ижара билан шуғулланадиган хусусий корхона шаҳардан ташқарида жойлашган. Биз умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтмоқчимиз. Ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқида бизга 4 гектар тегишли (кадастр ҳужжатлари бўйича), амалда ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ва ижара учун 2,5 гектар майдондан фойдаланилади, қолган 1,5 гектар кўкаламзорлаштирилган (дарахтлар экилган).
Қанча майдондан ер солиғи тўлашимиз керак ва биз кўкаламзорлаштирган майдон учун имтиёз мавжудми?
ЖАВОБ:
Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхоналар уларга мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари учун ер солиғини СКнинг 49-бобида белгиланган тартибда тўлайдилар.
СКнинг 281-моддасига кўра ер участкасининг СК 282-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкалари майдонлари чегириб ташланган ҳолдаги умумий майдони ер солиғи бўйича солиқ солинадиган базадир. Улар сирасида янги боғлар, узумзорлар ва тутзорлар барпо қилинган ер участкалари кўрсатилган. Улар 3 йил муддатга ер солиғи солишдан озод қилинган (СК 282-моддаси иккинчи қисмининг 25-банди). Бунда агар янги кўчатлар кузда экилган бўлса, имтиёз кейинги йилнинг 1 январидан, агар баҳорда экилган бўлса - жорий солиқ даври (йил)нинг 1 январидан бошлаб ҳисобланади. Имтиёзни қўллаётганда мазкур ер участкаси қандай мақсадлар учун берилганлиги ва кадастр ҳужжатлари қандай расмийлаштирилганлигига ҳам эътибор қаратиш керак. Шу тариқа, агар ер участкаси сизга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун берилган ва ундан боғлар, узумзорлар ва тутзорлар барпо этиш учун фойдаланилган бўлса, сиз имтиёз олиш ҳуқуқига эгасиз. Тегишинча, ер солиғи фақат ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилаётган ёки ижарага берилаётган участкалардан, яъни 2,5 гектардан ҳисобланади.
Бундан ташқари, СК 282-моддаси иккинчи қисмининг 22-бандида иҳота ўрмон дарахтзорлари эгаллаган ер участкаларини солиқ солишдан озод қилиш тарзида имтиёз белгиланган.
Иҳота ўрмон дарахтзорлари жумласига қуйидагилар киради: ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборларининг ва овланадиган қимматбаҳо балиқларнинг увилдириқ сочадиган жойларини муҳофаза қиладиган бошқа сув объектларининг соҳилларидаги, темир йўллар ва автомобиль йўллари ёқасидаги тақиқланган минтақалар; эрозияга қарши ўрмонлар; чўл ва ярим чўл минтақаларидаги ўрмонлар; шаҳар дарахтзорлари ва ўрмонзор боғлари; аҳоли пунктлари ҳамда саноат марказлари атрофидаги яшил минтақалар дарахтзорлари; сув таъминоти манбалари санитария муҳофазаси минтақаларининг ўрмонлари; курортларнинг санитария муҳофазаси теграсидаги ўрмонлар; алоҳида қимматга эга бўлган ўрмон массивлари; илмий ёки тарихий аҳамиятга молик ўрмонлар.
Агар ер участкасида ҳудудни кўкаламзорлаштириш (ободонлаштириш) мақсадида кўчатлар экилган бўлса, бунинг учун имтиёзлар назарда тутилмаган. Бу ҳолда ер солиғи ер участкасининг умумий майдони - 4 гектардан ҳисоблаб чиқарилади.
Қўлланадиган солиқ ставкаси ер участкасининг жойлашган жойига боғлиқ. 2011 йилда ер солиғининг ҳисоб-китоби Президентнинг 2010 йил 24 декабрдаги ПҚ-1449-сон қарорига 19-иловада белгиланган ставкалардан келиб чиқиб амалга оширилади.
10.САВОЛ:
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ қандай ҳисобланади? Ушбу солиқ бўйича база нимадан иборат?
ЖАВОБ:
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби СКнинг X бўлимида белгиланган. Ер усти ва ер ости манбаларидан олиб фойдаланиладиган сув ресурслари солиқ солиш объектидир. Солиқ солинадиган база эса сув ўлчагич асбобларнинг кўрсаткичлари асосида, улар бўлмаган тақдирда - қишлоқ ва сув хўжалиги органлари томонидан белгиланадиган сув олиш лимитлари, сув истеъмолининг технологик ва санитария меъёрлари, экинлар ҳамда дов-дарахтларни суғориш меъёрлари ёки бошқа усуллардан келиб чиқиб аниқланадиган фойдаланилган сув ҳажмидир.
Сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан сув келадиган водопровод тармоқларидаги сувдан фойдаланилган тақдирда, солиқ солинадиган база манбанинг ҳар бир тури бўйича алоҳида-алоҳида аниқланади, чунки улар бўйича солиқнинг турли ставкалари белгиланган (Президентнинг 2010 йил 24 декабрдаги ПҚ-1449-сон қарорига 13-илова). 2011 йилда водопровод тармоғига келиб тушадиган сув ҳажмларининг нисбати қуйидагича белгиланган:
ер усти манбаларидан - 81,7%;
ер ости манбаларидан - 18,3%.
МИСОЛ:
2011 йилнинг I чорагида корхона, сув ўлчагич асбобларнинг маълумотларига кўра, водопровод тармоғидан 350 куб метр сув ишлатган. Тегишинча, ер усти манбаларидан 258,95 куб метр (350 х 81,7%), ер ости манбаларидан 64,05 куб метр (350 х 18,3%) сув ишлатилган.
2011 йилда солиқнинг қуйидаги ставкалари белгиланган:
ер ости манбаларидан 1 куб метр сув учун 37,9 сўм;
ер усти манбаларидан 1 куб метр сув учун 29,8 сўм.
Шу тариқа, чорак учун солиқ суммаси 10144,21сўмни (64,05 х 37,9 + 258,95 х 29,8) ташкил қилади.
Ягона ер солиғи тўловчилари бўлмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари, шунингдек деҳқон хўжаликлари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммасини солиқ даврида бир гектар суғориладиган ерни суғоришга сарфланадиган сувнинг бутун хўжалик бўйича ўртача ҳажмидан келиб чиққан ҳолда аниқлайдилар.
11.САВОЛ:
Кичик хусусий корхона (82 ходим) темир-бетон буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади, шунингдек ўзи тайёрлаган шағал ва қум билан таъминлайдиган IV тоифадаги шағал-саралаш цехига (йилига қарийб 30 минг куб метр) эга.
2010 йилгача ушбу цех учун хом ашёни цехдан 5 км нарида, дарё қайирида жойлашган, захираси 18 000 куб метр этиб тасдиқланган қум-шағал карьеридан олардик. Фойдали қазилмаларни кавлаб олиб, ишланган чуқурлиги 15 метргача бўлган ер қаъридан фойдаланардик.
Дарё қайиридан фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун карьер сифатида фойдаланиш, шунингдек ушбу ишларга лицензия бериш тақиқланганидан кейин биз кавлаб олишни тўхтатишга мажбур бўлдик ҳамда қайирни тозалаш, ўзанни тўғрилаш ва Тўпаланг дарёси соҳилларини мустаҳкамлашга ўтиб, туман ҳокимининг қарорига биноан ажратилган, чуқурлиги 1,5 метрдан кўп бўлмаган дарёнинг бошқа участкасида қум-шағал аралашмасини қазиб ола бошладик. Бунда Тўпаланг қайирини тозалаш, ўзанини тўғрилаш ва соҳилларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни ташкил этиш чоғида Давлат экология экспертизаси билан келишилган барча талабларга риоя қиляпмиз.
Энди корхонамиз фойдали қазилмаларни кавлаб олиш билан шуғулланмаяпти - ер қаъридан фойдаланмаяпти (Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг 2010 йил 30 мартдаги хати буни тасдиқлайди: "Мазкур ишлар тури кавлаб олиш ҳисобланмайди ва лицензияланмайди, тозалаш, ўзанни тўғрилаш ва соҳилни мустаҳкамлаш ишлари чоғида ҳосил бўладиган қум-шағал аралашмаси чиқиндиларига эса, улардан кейин фойдаланиш ёки реализация қилиш чоғида, қонун ҳужжатларига мувофиқ, мазкур фаолият турига тааллуқли бўлган солиқ солиш керак", яъни ялпи маҳсулот суммасидан келиб чиқиш лозим).
Солиқ кодексининг 244-моддасига кўра, ўз эҳтиёжлари учун кенг тарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланишга (шу жумладан "Рўйхат"да кўрсатилган шағалдан) солиқ солинмайди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, жамиятимиз ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши мумкинми?
ЖАВОБ:
СКнинг 242 ва 243-моддаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида конларни қидирадиган ва разведка қиладиган, фойдали қазилмаларни кавлаб оладиган, шу жумладан техноген минерал ҳосилалардан фойдали қазилмаларни чиқариб оладиган ва (ёки) улардан фойдали компонентларни чиқариб олиш билан биргаликда фойдали қазилмаларни қайта ишлайдиган юридик ва жисмоний шахслар солиқ солиш мақсадида ер қаъридан фойдаланувчилар ҳисобланадилар. Бунда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар бўлиб:
ер қаъридан фойдали қазилмаларни кавлаб олувчи, шу жумладан техноген минерал ҳосилалардан фойдали қазилмаларни чиқариб олувчи;
улардан фойдали компонентларни чиқариб олган ҳолда фойдали қазилмаларни қайта ишлайдиган ер қаъридан фойдаланувчилар ҳисобланади.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солиш объекти бўлиб кавлаб олинган (чиқариб олинган) тайёр маҳсулотларнинг ҳажми ҳисобланади. Уларнинг рўйхати Президентнинг қарори билан белгиланади. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси белгиланган ва реализация қилиш ёки бериш, шу жумладан текин бериш учун, шунингдек маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида ўз истеъмоли ва бошқа эҳтиёжлар учун мўлжалланган фойдали қазилма (фойдали компонент) тайёр маҳсулот деб эътироф этилади.
Кенг тарқалган, солиқ тўловчиларга берилган ер участкалари доирасида кавлаб олинган ҳамда ўз хўжалик ва маиший эҳтиёжлари учун фойдаланилган фойдали қазилмалар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Бироқ, Фойдали қазилмалар конларини ишлаб чиқиш учун тоғ тармоқларини бериш тартиби тўғрисида низомнинг 14-бандига кўра ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар уларга берилган ер участкалари доирасида ер қаъридан хўжалик ва маиший эҳтиёжлар учун лицензиясиз кенг тарқалган фойдали қазилмалар, ер ости сувларидан ва тоғ тармоғидан қуйидаги шартларга риоя этган ҳолда фойдаланиш ҳуқуқига эгалар:
кенг тарқалган фойдали қазилмаларни кавлаб олиш очиқ усул билан, баландлиги 2 метрдан ва майдони 1 гектардан ортиқ бўлмаган битта ўйиқ жойда амалга оширилиши керак;
ишлар техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этган ҳолда юритилиши керак;
ҳосилдор қатламни олиш ва сақлаш, шунингдек бузилган ерларни кейин рекультивация қилиш масаласи ҳал этилиши керак;
кон ишлари бошланишидан 10 кун аввал маҳаллий ҳокимият органлари ва "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси хабардор қилиниши керак;
кавлаб олинган кенг тарқалган фойдали қазилмалар ва ер ости сувларидан фақат ер участкаси эгаси (фойдаланувчи)нинг хўжалик ёки маиший эҳтиёжлари учун фойдаланиш керак. Кавлаб олинган фойдали қазилмаларни наф олиш учун бошқа корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларга сотиш ёки беришга йўл қўйилмайди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқилганда, сизнинг корхонангиз ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўловчиси ҳисобланади, чунки у норуда материаллардан хўжалик ёки маиший эҳтиёжлар учун эмас, балки тижорат мақсадларида - маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланмоқда. Солиқ солинадиган база бўлиб кавлаб олинган (чиқариб олинган) тайёр маҳсулот ҳажмининг ҳисобот даври учун реализациянинг ўртача нархи бўйича ҳисобланган қиймати ҳисобланади. Агар тайёр маҳсулот (унинг бир қисми) бошқа тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш учун хом ашё ҳисобланса ёки ўз ишлаб чиқариш ёхуд хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланилса, кавлаб олинган (чиқариб олинган) тайёр маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархи ана шундай база бўлади.
Қурилиш қуми ва қум-шағал аралашмаси, шағал, майда тошга солиқ ставкалари Президентнинг бюджет бўйича қарорлари билан белгиланган.
Бундан ташқари, сизнинг корхонангиз СКнинг 350-моддасига асосан ягона солиқ тўловини тўловчи бўла олмайди, унга кўра ЯСТ акцизли маҳсулот ишлаб чиқарадиган ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни кавлаб оладиган микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилмайди.
Шу сабабли сизнинг корхонангиз умумбелгиланган солиқларни, шу жумладан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни тўлаши керак.
12.САВОЛ:
2011 йил якунларига кўра корхона асосий фаолият тури бўйича (улгуржи савдо) савдо корхонаси ҳисобланади. Бундан ташқари, у яна 4 хил фаолият турини амалга оширяпти. Савдода 49 киши банд. 2012 йилда биз кичик корхона эмаслигимиз боис умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишимиз керакми ёки ЯСТ тўлаш тартибини қўллай оламизми?
ЖАВОБ:
Аввалги йил якунлари бўйича асосий (соҳа) фаолият тури бўлиб савдо фаолияти ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият ҳисобланган юридик шахслар ҳисобот йили бошидан белгиланган тартибда ягона солиқ тўловини тўлашлари керак (СКнинг 350-моддаси). Агар 2011 йил якунлари бўйича асосий фаолият турингиз савдо бўлса, 2012 йилда ЯСТ тўловчиси бўлиб қоласиз, чунки савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, ходимлар сонидан қатъи назар, солиқ солишнинг бошқа тизимини танлаш ҳуқуқисиз, бюджетга ЯСТ тўлашлари керак.
Юридик шахсни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритишда юридик шахснинг асосий (соҳа) фаолият турига мувофиқ келадиган ходимлар сони мезони қабул қилинади. Агар савдо бўйича ходимларнинг ўртача йиллик сони 25 кишидан ошса ("Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида" Қонуннинг 5-моддаси ва ВМнинг "Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясини тасдиқлаш тўғрисида" қарори), корхона кичик тадбиркорлик субъекти бўлмай қолади, бироқ ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлиб қолаверади. Кичик бизнес субъекти мақомининг йўқотилиши фақат солиқ, молия, статистика ва бошқа ҳисоботларни топшириш муддатларида кўринади.
Бошқа фаолият турлари бўйича сиз алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишингиз ва солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича ягона солиқ тўловини тўлашингиз керак (ПҚ-1449-сон Қарорга 9-1-илова).