Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан солиқ соҳасидаги ҳамкорлиги
Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида дунёнинг бошқа мамлакатлари билан солиққа тортиш соҳасидаги шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш бўйича сиёсатни собитқадамлик билан юритмоқда. 1993 йилдан бошлаб Давлат солиқ қўмитаси солиққа тортиш соҳасида яқин ва узоқ хориждаги мамлакатлар билан халқаро шартномалар тизимини шакллантириш бўйича ишлар олиб бормоқда.
Бугунги кунда дунёнинг 71 та мамлакати билан икки томонлама шартномалар имзоланган.
1.Икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик, даромад ва капитал солиғини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги шартномалар.
Жаҳон мамлакатлари ўртасида солиқ соҳасига оид кўплаб шартномаларнинг тузилиши бир қатор умумэътироф этилган халқаро стандартларнинг ишлаб чиқилишига олиб келди. Икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик мақсадида ҳамма мамлакатлар уларга риоя қилишга ҳаракат қилишади. Ўзбекистон томонидан тузилган ва тузилаётган шартномалар ИҲТТ томонидан ишлаб чиқилган шартнома моделига асосланган.
Бугунги кунда Ўзбекистон икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик, даромад ва капитал солиғини тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳақида 50 та шартнома имзолаган. Бундай шартномалар юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва мол-мулк солиғига тегишлидир. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 4-моддасига мувофиқ, юқоридаги шартномалар халқаро характердаги ҳужжатлар сифатида миллий қонунчилик меъёрларидан устун ҳисобланади.
Шундай қилиб, шакллантирилаётган икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик, даромад ва капитал солиғини тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳақидаги шартномалар тизими Ўзбекистон Республикасининг бошқа мамлакатлар билан иқтисодий ҳамкорлигини самарали йўлга қўйишга ва энг аввало, ўзаро сармояларни жалб қилиш ҳамда ташқи савдо товар алмашинувининг ўсишига кўмаклашади.
Сўнгги вақтларда икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик ва уларга қўшимчалар киритиш ҳақидаги протоколлар Сингапур, Саудия Арабистони, Баҳрайн Қироллиги, Уммон Султонлиги, Иордания Ҳошимийлар Қироллиги, Хитой Халқ Республикаси билан имзоланди.
2.Солиқ қонунчилигига амал қилиш, шунингдек, солиқ қонунчилигини бузишга қарши кураш бўйича ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик масалалари ва солиққа тортиш соҳасида ахборот алмашиш тўғрисидаги шартномалар.
Бугунги кунга келиб 16 та шундай шартнома имзоланган. Шу билан бирга бир қатор МДҲ давлатлари, шунингдек, Латвия ва Уммон билан ҳамкорлик ва тажриба алмашиш бўйича идоралараро келишувлар тузилган. Давлат солиқ қўмитаси ушбу келишувларни амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Бошқа мамлакатларнинг солиқ хизматлари билан ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик ҳақида тузилган шартномалар қуйидаги афзалликлар беради:
•паритет асосида шартнома тузаётган мамлакатларнинг солиқ назоратида солиқ қонунчилиги бузилишларини аниқлаш ва олдини олиш соҳасидаги мавжуд имкониятларидан фойдаланиш;
•хорижий мамлакатларнинг солиқ маъмурчилиги соҳасидаги ижобий тажрибасини ўрганиш ва ундан фойдаланиш;
•Ўзбекистон Республикаси солиқ хизмати ходимларининг касбий маҳорати ўсиши учун қўшимча имкониятлар яратиш.
3.Билвосита солиқларни ундириш тамойиллари тўғрисидаги шартномалар.
Ҳозирги пайтга келиб, МДҲнинг бир қатор мамлакатлари билан шу хилдаги 5 та шартнома имзоланган. Улар экспорт-импорт операцияларини қўшимча қиймат солиғи ва акциз солиғига тортиш, ўзаро товарлар ва хизматлар етказиб бериш тартибларини белгилайди ҳамда савдо иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ҳаққоний рақобат ва хўжалик субъектлари учун тенг имкониятларни яратишга хизмат қилади.
Қайд этиш керакки, юқорида келтирилган халқаро шартномаларнинг бажарилиши Ўзбекистон Республикасини жаҳон ҳамжамиятига муваффақиятли иқтисодий интеграциялашувига, мамлакат хўжалик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Ҳукумати ўртасида иккиёқлама солиққа тортишни олдини олиш бўйича битимнинг кучга кириши тўғрисида