Медиатека

Ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчалари ҳақида ёҳуд давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг қонунга зид хатти-ҳаракатлари тўғрисида маълумотга эга бўлсангиз, Давлат солиқ органларининг “Ишонч телефон”ларига хабар беринг!.

Хўжалик юритувчи субъектларни текшириш режа-жадвалидан кўчирмалар бериш

Ўзбекистон Республикаси назорат қилувчи органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларда ўтказиладиган текширишлар РЕЖА-ЖАДВАЛИ

НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР РЎЙХАТИ

Тизимга кириш

Текширишлар қандай ташкиллаштирилади?

Кейинги йилларда республикамизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклаш, уларнинг фаолият юритишлари учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш борасида тизимли равишда кенг қамровли ишлар амалга ошириб борилмоқда.
Шу ўринда тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишлар тизимини янада такомиллаштиришда Президентимизнинг 2005 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-3665-сон Фармони муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Қабул қилинган қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳозирги вақтда республикамизда назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган режали ва режадан ташқари текширишларнинг барча ҳуқуқий асослари белгилаб берилган.
Ҳозирги кунда назорат органлари томонидан ўтказиладиган барча режали ва режадан ташқари текширишлар Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши (кейинги матнларда - Кенгаш) ва унинг ҳудудий комиссиялари билан келишилган ҳолда ўтказилишини тадбиркорлар яхши билишади.
Лекин шундай бўлсада, ҳар бир тадбиркорни унинг корхонасини қайси назорат органлари текшириши мумкин ёки текширишлар режа-жадвали қандай тартибда тузилади деган табиий савол қизиқтиради.
Тадбиркорлик субъектларида асоссиз режали текширишлар ўтказилиши-нинг олдини олиш мақсадида юқорида номи қайд этилган Фармонда Кенгашга Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишнинг мувофиқлаштирилган режа-жадвалларини шакллантиришнинг аниқ асосланган тамойиллари ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилган.
Ушбу топшириққа биноан қонун ҳужжатлари билан белгиланган ваколатлар доирасида текширишларини Кенгаш билан келишилган ҳолда амалга оширадиган 32 та назорат органи томонидан назорати остидаги тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишлар режа-жадвалини шакллантиришнинг аниқ асосланган тамойиллари тўғрисидаги низомлар ишлаб чиқилди.
Мазкур низомлар Кенгаш томонидан ташкил этилган Идоралараро ишчи гуруҳ томонидан батафсил ўрганиб чиқилиб, улар Кенгашнинг тегишли мажлисларида маъқуллангандан кейин амалиётга жорий этилди.
2006 йилда ишлаб чиқилган низомлардан 2006-2007 йилларда амалда фойдаланиш натижалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда Кенгашнинг 2008 йил 21 майдаги 1-сонли мажлиси қарорига биноан ушбу низомлар қайтадан ишлаб чиқилиб, уларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Кенгашнинг 2008 йил 29 декабрдаги 3-сонли мажлисида қайтадан маъқулланди.
Ҳозирги вақтда 35 та назорат органи томонидан ўтказиладиган режали текширишлар мазкур Низомларда белгиланган тартибда амалга ошириб келинмоқда. 
Шу ўринда ўқувчиларда мазкур тамойилларда қандай меъёрлар белгиланганлиги тўғрисида савол туғилиши мумкин.
Мазкур тамойиллар ҳар бир назорат органи зиммасига юклатилган назорат функцияларининг кўлами ва хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, уларда даставвал ҳар бир орган назорати остидаги тадбиркорлик субъектлари рўйхати аниқ белгилаб чиқилган.
Кейинчалик, назорат остидаги корхоналар тўғрисида назорат органларида мавжуд маълумотлар (жумладан олдинги текширишларда камчилик аниқланиш даражаси, бошқа органлардан тушган маълумотлар, кузатув натижалари, фуқаролар мурожаати ва бошқа маълумотлар) асосида ҳар бир субъект томонидан технологик, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнида қонун бузилиш содир этиш эҳтимоли, бу ҳолатларни инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга таъсир даражаси ва бошқа бир қатор ҳолатларни инобатга олган ҳолда, яъни субъектнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб улар гуруҳларга бўлинган ҳамда ҳар бир гуруҳга кирган субъектда неча йилда бир марта режали текшириш ўтказилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Ушбу тамойиллар назоратчилар томонидан фақатгина асосланган ҳолда режали тарзда текшириш ўтказиш имкониятини яратиш билан бирга улар томонидан хоҳлаган корхонада исталган вақтда текшириш ўтказиш ҳолатига қатъий чек қўйганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Мазкур қоидаларни Давлат санитария эпидемиология назорати маркази (кейинги ўринларда - Марказ) тизимида текширишларни режалаштириш мисолида батафсилроқ кўриб чиқамиз.
Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачининг 2008 йил 26 сентябрдаги 427-сон буйруғи билан тасдиқланган «Давлат санитария эпидемиология назорати марказлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишнинг йиллик мувофиқлаштирилган режа-жадвалларини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги низомга (кейинги ўринларда – низом) биноан марказ назорати остидаги субъектлар тоифасига санитария нормалари, қоидалари ва гигиеник меъёрларга риоя этиши лозим бўлган корхоналар, ташкилот ва бирлашмалар кириши белгиланган.
Марказ назорати остидаги субъектлар эпидемиологик аҳамиятига қараб 3 та гуруҳга бўлинган.
А – гуруҳ, хавфлилик даражаси жуда юқори. Бу гуруҳга аҳолига хирургик йўналишдаги тиббий хизмат кўрсатувчи даволаш профилактика муассасалари, юқумли касалликлар, вирусли гепатит «В», «С», ОИВ (ВИЧ) ва бошқа касалликларни қон орқали юқиш хавфи юқори бўлган тиббиёт муассасалари киритилиб, бу тоифадаги 215 та субъектларда заруратга қараб кўпи билан йилига бир марта режали текшириш ўтказилиши белгиланган.
Б – гуруҳ, хавфлилик даражаси юқори. Бу гуруҳга аҳолини ичимлик суви билан таъминловчи, гўшт-сут, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар ва 1-гуруҳга кирмаган тиббиёт муассасалари киритилиб, бу тоифадаги жами 770 та субъектларда заруратга қараб кўпи билан ҳар 2 йилда бир марта режали текшириш ўтказилиши белгиланган.     
В – гуруҳ, хавфлилик даражаси ўртача. Бу гуруҳга умумий овқатланиш корхоналари, дори воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи, аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар, бозорлар, хусусий болалар ва ўсмирлар муассасалари ҳамда 2-гуруҳга кирмаган озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи субъектлар киритилиб, бу тоифадаги жами 2006 та субъектларда заруратга қараб кўпи билан ҳар 3 йилда бир марта режали текшириш ўтказилиши белгиланган.
Марказ назоратидаги фаолиятни амалга оширувчи қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилиши эҳтимоли паст бўлган бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти кўпи билан ҳар 4 йилда бир марта молия-хўжалик фаолияти юзасидан, яъни Давлат солиқ хизмати органлари иштирокида  комплекс тарзда режали текширишлар давомида режали текширишлар ташкил этилиши мумкин.
Юқорида қайд этилган меъёрларга биноан Марказ томонидан А, Б ва В гуруҳларга кирувчи субъектлар рўйхати тузилиб, бу рўйхатлар Кенгашга тақдим этилган.
Худди шу тартибда бошқа назорат органлари томонидан ҳам ўз назоратидаги субъектлар уларнинг хавфлилик даражасини инобатга олган ҳолда гуруҳларга бўлиб чиқилган. Ҳар бир гуруҳдаги субъектлар рўйхати ва улар учун режали текшириш даврийлигини белгилаган ҳолда бу маълумотлар Кенгашга тақдим этилган.
Заруратга қараб назорат қилувчи органларнинг назорат остидаги хўжалик юритувчи субъектлар ҳолатидан (тугатилиши, қайта ташкил этилиши, фаолият турини ўзгартириш ва ҳ.к.) келиб чиққан ҳолда Кенгаш ишчи органига уларни назорат остидаги субъектлар  рўйхатидан чиқариш тўғрисида ёки янги ташкил этилган субъектларни ушбу рўйхатга қўшимча равишда киритиш ҳақида тегишли асослар билан таклифлар киритиб борилади.
Кенгаш қарорига кўра ҳар бир назорат органи томонидан улар назорати остидаги субъектлар рўйхатига янгидан киритиладиган хўжалик юритувчи субъектлар Кенгаш томонидан кўриб чиқилгандан кейингина улар умумий рўйхатга қўшилади.   
Назорат органлари тақдим этган маълумотлар Кенгаш ишчи органи томонидан «Текширишлар режа-жадвалини шакллантириш» дастурий маҳсулининг маълумотлар базасига киритилади. 
Ҳозирги вақтда ушбу дастурга республикамиз бўйича 224 мингдан ортиқроқ субъектларда ўтказиладиган режали текширишларни ташкиллаштиришга тааллуқли бирламчи маълумотлар киритилган. 
Ўқувчиларга тушунарлироқ бўлиши учун ҳар бир назорат органи бўйича улар назорати остидаги субъектларнинг хавфлилик гуруҳларига бўлиниши тўғрисидаги маълумотлар жадвал шаклида илова қилинади. Бу жадвал орқали қайси назорат органи қандай тоифадаги субъектларда ҳар неча йилда бир марта режали текшириш ўтказиши мумкинлигини аниқ билиб олиш мумкин. 
Мазкур тамойиллар асосида назорат органларининг таклифларига биноан тузиладиган текширишлар режа-жадвали лойиҳаси, уни тасдиқлаш учун Кенгаш муҳокамасига киритишдан олдин бир неча босқичларда таҳлил қилиб чиқилади.
Биринчи навбатда, назорат органлари томонидан режа-жадвал лойиҳасига киритиш учун таклиф этилган субъектлар айнан уларнинг ўзлари учун белгиланган режали текширишлар даврийлигига мос келган тақдирдагина бу таклифлар дастурий маҳсулга қабул қилиниши мумкин.
Масалан, Марказ томонидан Наманган вилояти Наманган туманидаги «Мактаб умумий овқатланиш» МЧЖда низомга биноан ҳар тўрт йилда бир марта режали текшириш ўтказиш белгиланган. Ушбу субъектда Марказ томонидан бундан олдинги режали текшириш 2007 йил май ойида ўтказилган бўлсада, мазкур корхонани 2010 йил текширишлар режа-жадвал лойиҳасига киритиш учун таклиф берилган.
Дастурий маҳсул мазкур субъект учун Марказ томонидан белгиланган режали текшириш даврийлигини инобатга олган ҳолда автоматик равишда бу субъектни лойиҳага киритиш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантириш беради ва субъект лойиҳага киритилмайди. 
Текширишлар режа-жадвали лойиҳасини тузиш жараёнида назорат органлари томонидан келгуси йил текширишлар режа-жадвали лойиҳасига киритиш учун тақдим этилган ҳар бир субъект юқоридаги тартибда таҳлилдан ўтказилиб, улар фақатгина Низомларда белгиланган текширишлар даврийлигига мос келган тақдирдагина лойиҳага қабул қилинади.
Ушбу тартиб асосида келгуси йил учун мўлжалланган текширишлар режа-жадвалининг дастлабки лойиҳаси шакллантирилади.
Шундан кейин лойиҳани таҳлил қилишнинг кейинги босқичи бошланади.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 19 ноябрдаги «Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида»ги ПФ-2114-сон Фармонида белгиланган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига доир барча текширишлар, молия-хўжалик фаолиятини текширишни истисно этган ҳолда, қоида тариқасида, бир йўла комплекс текширишлар тарзида, яъни икки ёки ундан ортиқ назорат органи томонидан ўтказилишига риоя этилиши юзасидан таҳлил ишлари олиб борилади.
Ушбу жараёнда лойиҳага киритилган ҳар бир субъектда ўтказиладиган текширишда нечтадан назорат органи иштирок этиши таҳлил қилиниб, агар субъектда фақат битта назорат органи томонидан текшириш ўтказилиши тўғрисида таклиф тушган бўлса, ушбу субъектлар Президентимизнинг юқоридаги Фармонида белгиланган меъёрга мувофиқ лойиҳадан чиқарилади.
Мазкур таҳлил жараёнида тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти юзасидан таклиф этилган текширишлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 4 апрелдаги «Аудиторлик ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда улар кўрсатаётган хизматлар сифати учун жавобгарликни ошириш тўғрисида»ги ПҚ-615-сон Қарорига мувофиқ аудиторлик ташкилотларида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан Молия вазирлиги томонидан таклиф этилган текширишлар лойиҳада маҳкамавий текшириш сифатида қолдирилиши мумкин.
«Ўзстандарт» агентлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, «Ергеодезкадастр» Давлат қўмитаси, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг  ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти томонидан назорат остидаги субъектларда режали текширишлар ушбу тадбиркорлик субъектларида молия-хўжалик фаолияти юзасидан ўтказиладиган режали текширишлар доирасида амалга оширилиши белгиланган.
Шу муносабат билан лойиҳани таҳлил қилишнинг кейинги босқичида юқоридаги хат бошида номлари қайд этилган назорат органлари томонидан лойиҳага киритиш учун тақдим этилган тадбиркорлик субъектларида молия-хўжалик фаолияти юзасидан текшириш лойиҳалаштирилганлиги нуқтаи назаридан таҳлил ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, келгуси йил текширишлар режа-жадвали лойиҳасини таҳлил қилиш жараёнида унга киритилган субъектларда жорий йил давомида дастурий маҳсул маълумотлари асосида режадан ташқари (бунда режадан ташқари қисқа муддатли текширишлар, яъни бир иш куни давомида ўтказилган текширишлар инобатга олинмайди) ёки ташқи манбалардан олинган маълумотлар бўйича қўзғатилган жиноят ишлари доирасида текширилганлиги ҳам таҳлил қилинади.
Бу таҳлил натижасига кўра маълум бир субъектда лойиҳалаштирилган комплекс текширишда иштирок этувчи назорат органларининг биронтаси томонидан  жорий йилда юқоридаги хат бошида кўрсатилган сабабларга кўра текшириш ўтказилганлиги маълум бўлса, комплекс текширишдан айнан шу назорат органи иштироки чиқарилади.
Шунингдек таҳлил жараёнида ҳар бир назорат органи томонидан лойиҳалаштирилган текширишларнинг ҳудудлар кесимидаги сони ва салмоғи ҳамда ҳар бир ҳудуд бўйича лойиҳага киритилган тадбиркорлик субъектларининг умумий сони, бу кўрсаткичларнинг олдинги йилга нисбати ҳам ўрганиб чиқилиб, назорат органлари марказий маҳкамалари ва Кенгаш ҳудудий комиссиялари билан келишилган ҳолда лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Шу тарзда ишлаб чиқилган келгуси йил текширишлар режа-жадвали лойиҳаси ҳар бир назорат органи марказий маҳкамаси билан келишилгандан кейин тасдиқлаш учун Кенгаш муҳокамасига киритилади.
Кенгаш томонидан тасдиқланган текширишлар режа-жадвали ижросини таъминлаш учун барча назорат органлари ва Кенгаш ҳудудий комиссияларига етказилади. 
Текширишлар ошкоралигини таъминлаш мақсадида Кенгаш тасдиқлаган текширишлар режа-жадвали ойма-ой оммавий ахборот воситаларида, жумладан, «Солиқ инфо» ҳамда «Солиқ ва божхона хабарлари» газеталарида чоп этилиб, Давлат солиқ қўмитасининг интернетдаги soliq.uz сайтида бериб борилмоқда.
Бундан ташқари ҳар бир тадбиркорлик субъекти Кенгаш ёки унинг ҳудудий комиссиялари ишчи органларидан телефон орқали ўз корхонасида ўтказилиши режалаштирилган текшириш тўғрисида маълумот олиши мумкин.



Ишонч телефонлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
  • 998 71
  • 244-98-98



Солиқ тўловчи тақвими

Апрел      
Ду Се Чр Пш Жм Шн Як
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3