Мақсад – Асака туманининг архитектура қиёфасини янада яхшилаш, «Asaka city» турар жой мажмуасини қуриш» лойиҳасини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш
Қарорда «Asaka city» турар жой мажмуасини қуриш» лойиҳасини Асака тумани, «Чек» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 53,3 гектар ер майдонида амалга ошириш белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ мажмуани қуриш учун белгиланган ер майдонини Андижон вилояти ҳокимлиги Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда лойиҳа бош пудратчиси «Avtosanoat-Injiniring» МЧЖга ажратиб беради.
Жорий йилдан бошлаб «Asaka city» мажмуасида объектларни қуриш инвесторларнинг маблағлари, шу жумладан кредитлар, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида:
– «Avtosanoat-Injiniring» МЧЖ танланган ҳудудда «Business city» замонавий ишбилармонлик марказлари қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида дирекциялар учун объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси функциялари ва вазифаларини ҳамда объектлардан фойдаланишни амалга оширади;
– инвесторлар «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Avtosanoat-Injiniring» МЧЖ вакиллари иштирокида Андижон вилояти ҳокимлиги қошидаги «Business city» замонавий ишбилармонлик марказлари ҳудудида лойиҳалар ташаббускорларини танлаб олиш ва жойлаштириш бўйича танлов комиссияси томонидан ўтказиладиган энг яхши инвестиция таклифларининг танлови якунлари бўйича жалб қилинади;
– лойиҳа иштирокчиларига нисбатан «Business city» замонавий ишбилармонлик марказлари қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган солиқ ва божхона имтиёзлари татбиқ этилади.
Бунда тўғридан-тўғри хусусий чет эл инвестицияларини жалб этган ҳолда ташкил этилган ва қонун ҳужжатларида тасдиқланадиган рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар:
– қонун ҳужжатларида белгиланадиган ҳудудларга жойлаштирилганда;
– чет эллик инвесторлар томонидан тўғридан-тўғри хусусий чет эл инвестициялари Ўзбекистон Республикасининг кафолати берилмаган ҳолда амалга оширилганда;
– устав фондида (устав капиталида) чет эллик иштирокчиларнинг улуши камида 33 фоиз, акциядорлик жамиятлари учун эса камида 15 фоиз бўлганда;
– чет эл инвестициялари эркин айирбошланадиган валюта ёки янги замонавий технологик асбоб-ускуна тарзида киритилганда;
– Солиқ кодекснинг 471-моддасида назарда тутилган солиқ имтиёзлари берилганлиги натижасида уларнинг қўлланилиши муддати мобайнида олинган даромадларнинг камида 50 фоизи ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш мақсадида реинвестицияга йўналтирилганда ер солиғи, мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашдан озод этилади.
Бундан ташқари, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа солиқ имтиёзлардан ҳам фойдаланишга ҳақли.
Лойиҳани амалга ошириш учун суғориладиган ер майдони ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида ундирилмайди.
Бугунги кунда лойиҳани амалга ошириш мақсадида «Ўзавтосаноат» АЖ даромадлари ҳисобидан 300 млн АҚШ доллар йўналтирилиб бош пудратчи “Avtosanoat-Injiniring” МЧЖ томонидан «Asaka city» турар жой мажмуасини барпо этиш ишлари бошлаб юборилган.
ДСҚ Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси