Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида фаолияти шубҳали деб топилган корхоналар билан амалга оширилган битимларни ўрганиб чиқиш учун тезкор равишда камерал солиқ текширувлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 25 февраль ҳолатига республикамиз бўйича жами 5025 та корхонада 634,6 млрд. сўмлик асоссиз ҳисоб (зачет)га олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланди.
Натижада:
– 4 850 та, яъни 96,5 фоиз корхонада (606,7 млрд. сўм) «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;
– 71 та, яъни 1,4 фоиз (11,4 млрд. сўм) ташкилотда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти қисман тасдиқланди;
– 104 та, яъни назорат тадбирлари ўтказилган 2,1 фоиз солиқ тўловчилар томонидан 16,5 млрд. сўмлик ҚҚС суммаси тўғри ҳисоб (зачет)га олинганлиги ҳолатлари бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Шу сабабли улардан ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланди.
Шунингдек, камерал солиқ текширувлари жараёнида 135 та корхона томонидан ҚҚС суммасини тўғри ҳисоб (зачет)га олиш билан боғлиқ йўл қўйилган бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳам аниқланиб, уларга нисбатан 5,4 млрд. сўмлик солиқлар қўшимча ҳисобланди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш давом этмоқда.