Тадбиркорлар ва аҳоли орасида қонуний бизнес юритишнинг нуфузини ошириш ҳамда “ҳалол” тадбиркорликни қўллаб-қуватлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан фаолиятида солиқларни тўлашдан қочишнинг турли хил схемаларидан фойдаланганлик ҳолатлари кузатилган “Шубҳали” корхоналар рўйхати янгиланмоқда.
Солиқ тўловчилар ўз фаолиятлари давомида лозим даражада эҳтиёткор бўлишларига кўмаклашиш мақсадида, шубҳали корхоналардан иборат янгиланган рўйхат Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Дастлабки аниқланган 396 та ва иккинчи босқичда аниқланган 129 та шубҳали корхона қаторига учинчи босқичда яна 53 та корхона киритилди.
Дастлабки таҳлилларга кўра, мазкур 53 та шубҳали корхона билан иқтисодий алоқага кирган контрагентлар сони 1 733 тани улар томонидан амалга оширилган товар айланма 682,5 млрд. сўмни, шундан асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси 87,3 млрд. сўмни ташкил этган. Мазкур шубҳали корхоналар ҳисоб рақамлари ёпилди ва уларнинг конрагентларига хабарномалар жўнатилди.
Дастлабки босқичларда шубҳали деб топилган 525 та корхонанинг солиқ қонунчилигига риоя этилиши бўйича ўтказилган солиқ текширувлари натижасида 4 та корхонада аниқланган камчиликлар, шу жумладан “шубҳали” деб топилишига асос бўлган ҳолатлар тўлиқ бартараф этилганлиги сабабли мазкур корхоналар “Шубҳали” корхоналар рўйхатидан чиқарилди. Шу тариқа улар сони 574 тани ташкил этди.
Бугунги кунда 574 та “Шубҳали” корхона конрагентларида:
97 фоиз ҳолатда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти тасдиқланди.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида фаолияти шубҳали деб топилган корхоналар билан амалга оширилган битимларни ўрганиб чиқиш учун тезкор равишда камерал солиқ текширувлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 16 апрель ҳолатига республикамиз бўйича жами 9 021 та корхонада 1 337,5 млрд. сўмлик асоссиз ҳисоб (зачет)га олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланди.
Натижада:
– 8 752 та, яъни 97 фоиз корхонада (1 260,6 млрд. сўм) «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;
шундан, 100 та, яъни 1,1 фоиз (23,5 млрд. сўм) ташкилотда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти қисман тасдиқланди;
– 269 та, яъни назорат тадбирлари ўтказилган 3 фоиз солиқ тўловчилар томонидан 53,3 млрд. сўмлик ҚҚС суммасини тўғри ҳисоб (зачет)га олганлиги ҳолатлари бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Шу сабабли улардан ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланди.
Шунингдек камерал солиқ текширувлари натижасида хабарнома орқали етказилган огоҳлантиришларда қайд этилган хатоликлар тасдиғини топган бўлсада, тадбиркорларни узлуксиз фаолият кўрсатишларига шароит яратиш мақсадида, хатосини тан олган 586 та субъектга 69,8 млрд. сўмлик бюджетга тўланиши лозим суммаларни жорий йил декабрь ойига қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашларига рухсат берилди.
❗️Давлат солиқ қўмитаси жорий йилнинг 1 майига қадар, ушбу корхоналар томонидан асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бўйича ихтиёрий қайта ҳисобот топширган тақдирда мазкур корхоналар мансабдор шахслари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилади.
Солиқ назорати тадбирлари давом этмоқда.