Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция қилинадиган аэропортлар учун мол-мулк ва фойда солиғи ставкаси камайтирилади.
Жорий йилнинг 29 март куни мамлакатимиз Президентининг «Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5042-сон қарори қабул қилинди.
Мақсад – Ўзбекистон аэропортларида йўловчиларга ва авиаташувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш.
Қарорда аэропортларда давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция, модернизация, эксплуатация ва бошқариш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланган кундан бошлаб уч йил муддатга айрим имтиёзлар тақдим этиш назарда тутилган.
Хусусий шериклар ва аэропортлар фойда солиғини, шу жумладан дивиденд тўлашда ушлаб қолинадиган фойда солиғини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайди.
Аэропортлар учун мол-мулк солиғининг белгиланган ставкаси 50 фоизга камайтирилади.
Бундан ташқари, хусусий шериклар, улар томонидан жалб қилинадиган лойиҳа ташкилотлари, операторлар, маслаҳатчилар, пудратчилар ва субпудратчилар:
– олиб кириладиган махсус транспорт воситалари, йўл-қурилиш техникаси, машиналар, механизмлар, ускуналар, хом ашё, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, узеллар, технологик ва лойиҳа ҳужжатлари, дастурий таъминот, жиҳозлар, шу жумладан, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган пудрат қурилиш ташкилотларини жиҳозлашга мўлжалланган махсус йўл-қурилиш техникаси ва ускуналари учун божхона божидан;
– олиб кириладиган транспорт воситалари (енгил автомобиллардан ташқари) ва махсус техника учун утилизация йиғимидан озод қилинади.
ДСҚ Матбуот хизмати