Россия Федерацияси Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук бошчилигидаги Россия Федерацияси делегацияси Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида бўлди.
Меҳмонлар учун Маълумотларни қайта ишлаш марказининг янги майдони ҳамда Ахборот-коммуникация технологиялари департаментининг замонавий дастурий ишланмалари: солиқ тўловчи маълумотномаси (досье), tekshiruv.soliq.uz солиқ текшируви тизими, жорий йилнинг иккинчи ярмида жорий этилиши режалаштирилган my.soliq.uz давлат солиқ хизматлари порталининг янги версияси тақдимоти ўтказилди.
Ташриф давомида Россия Федерациясининг Ҳукумат раҳбари ўринбосари А.Оверчук ҳамда делегация аъзолари Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Унда видеоконференция орқали иштирок этган Қўмита раиси Ш.Кудбиев Россия томонига ўзаро яқин ва самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.
Учрашув давомида Россия Федерацияси Ҳукумат раиси ўринбосари А.Оверчук Ўзбекистон Республикаси солиқ хизматининг рақамли трансформациясининг юқори кўрсаткичларини ва қисқа вақт ичида ижобий ўзгаришлар юз берганини таъкидлади.
Россия томони зарур ҳисоблаш қувватларини тақдим этиб, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн касса машиналари учун йирик ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш тизимини яратишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигини қайд этди.
Учрашув якунлари бўйича Москва ва Тошкент мутахассислари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва яқин келажакда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланди.
Алексей Оверчук бошчилигидаги Россия делегацияси ташрифи доирасида Халқаро бизнес марказида ЕОИИ билан ўзаро алоқалар даражасини ошириш бўйича Россия – Ўзбекистон ишчи гуруҳининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида битмлар имзоланди.
Ҳужжатлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг иккинчи босқичи доирасида Россия Федерацияси томонидан Ўзбекистон солиқ маъмурчилиги тизимини ривожлантиришда техник ёрдам кўрсатишга, шунингдек давлат кадастрини баҳолаш тизимини яратишда қўллаб-қувватлашга қаратилган.