Ўзбекистон Республикаси Президенти Жорий йилнинг 23 мартдаги «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6191-сонли фармонни имзолади.
Мазкур ҳужжат билан:
– давлат ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларда электрон тизим орқали олиш имконияти мавжуд бўлган маълумотларни қоғоз кўринишида талаб қилишга чек қўйиш тартиблари белгиланди.
– 2021 йил 1 июндан бошлаб фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга ошириш белгиланди.
– айрим турдаги маълумотлар ва электрон кўринишдаги ҳужжатларни «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда бериш учун масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати тасдиқланди.
Шунингдек, 2021 йил 1 июндан давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари аҳолидан, тадбиркорлик субъектларидан турли фактларни тасдиқловчи – судланганлик, тиббий, ижтимоий, қарздорлик, мулк тўғрисида маълумотлар ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва уларнинг нусхаларини талаб қилмайди. Бунда, барча маълумотлар «Электрон ҳукумат» платформаси орқали олинади.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 июлдан солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисоби жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда юритилади. Солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади.
Эндиликда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади.
2021 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон фуқаролари ҳамда мамлакатда яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тегишли СТИР уларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами билан ўзаро боғланади. Бунда СТИР мавжуд бўлмаган шахслар жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами орқали солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 майга қадар Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат персоналлаштириш маркази ва Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ахборот тизимлари «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимига интеграция қилинади.