Солиқ саводхонлиги ва қонунчилиги бўйича фуқароларда ёшликдан кўникма ҳосил қилиб бориш солиқ тарғиботидаги энг мақбул усулдир.
Шуни инобатга олган ҳолда Республика Давлат солиқ қўмитаси Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мактабларда, касб-ҳунар таълими коллежлари ҳамда олий таълим муассасаларининг ноиқтисодий йўналишларида солиқ саводхонлиги бўйича махсус ўқув режалари ишлаб чиқилди. Ушбу режага мувофиқ 1-синфдан 9-синфгача бўлган мактаб ўқувчилар учун лотин алифбосида ўқув дарсликлари яратилди ва 2008-2009 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасалари ўқув режасига киритилди.
Ушбу китоблар 1-4 синф ўқувчилари учун «Иқтисод ва солиқ алифбоси», 5-7-синфларга «Иқтисод ва солиқ сабоқлари», 8-9 синф ўқувчилари учун эса «Солиққа тортиш асослари» номлари остида чиқарилган. Ноиқтисодий йўналишдаги олий таълим муассасалари учун эса ўқув қўлланмаси «Солиқ ва солиққа тортиш» дарслиги сифатида ўз ифодасини топади. Мазкур қўлланмалар умумий ўрта таълим муассасалари фанлар таркибида 38 соат, олий таълим муассасаларининг таълим йўналишларида 36 соат, ўрта махсус касб-ҳунар муассасаларининг ноиқтисодий йўналишларида эса 20 соатга мўлжалланган. Бундан ташқари касб-ҳунар коллежлари профессор – ўқитувчилари ва талабаларига, шунингдек, бизнес мактаблари ўқитувчилари ва тингловчилари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи кичик бизнес ходимлари ҳамда тадбиркорлик ва бизнес билан қизиқувчи кенг жамоатчиликка мўлжалланган «Тадбиркорлик ва бизнес асослари» номли ўқув қўлланмасига «Тадбиркорлик субъектларини солиққа тортиш тартиби» деб номланувчи махсус боб киритилди.
Солиқ саводхонлиги ва қонунчилигини ўқувчи ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишда турли семинар ҳамда кўрик-танловлар ўтказишнинг аҳамияти каттадир. Ана шу мақсадда Давлат солиқ қўмитаси томонидан Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида «Солиқ билимлари-болаларга» номли ижодий кўрик-танлови, ёзги болалар оромгоҳларида хордиқ чиқараётган ўқувчи ёшлар ўртасида «Солиқ ҳақида Сиз нимани биласиз», Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Солиқ билимдонлари» кўрик танловлари ўтказиб келинмоқда.