Давлат солиқ қўмитаси Раиси Шерзод Кудбиев одамлар эртасидан эмас, бугунидан рози бўлиб яшашлари учун етарлича шароитлар яратиш йўлида амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечириш ва аҳоли билан юзма-юз учрашиш мақсадида Каттақўрғонда бўлди.
Ш.Кудбиев дастлаб шаҳарга кираверишда қад ростлаётган кўп қаватли турар жой қурилиши ва Амир Темур кўчасида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кўздан кечирди.
Навбатдаги манзил «Ғарб мачит» маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Шерзод Кудбиев бу ерда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизлар фаолияти билан атрофлича танишди. Маҳаллада қўли гул опа-сингиллар томонидан эркаклар бош кийими тикиш йўлга қўйилган.
Шундан сўнг Давлат солиқ қўмитаси раиси Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияга ташриф буюриб, бу ерда солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш учун яратилган шароитларни ўрганди. Шунингдек инспекциянинг янгидан барпо этиладиган биноси лойиҳаси билан танишиб, ходимлар учун қулай меҳнат шароитини яратиш борасида таклиф ва тавсияларини берди.
Таъкидлаш жоизки, бу ишлар замирида аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, пировардида шаҳарни илғор ҳудудга айлантиришдек эзгу мақсадлар мужассам.
ДСҚ Матбуот хизмати